Божхона омборлари орқали сотиладиган смартфон ва ноутбукларга бож жорий этилади

Бугун 12:552 дақиқа

Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш доирасида бонд омборлари орқали сотиладиган товарлар учун янги бож ва солиқ ставкалари белгиланди.

Божхона омборлари орқали сотиладиган смартфон ва ноутбукларга бож жорий этилади © habr.com

Ўзбекистонда электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш мақсадида янги тартиб жорий этилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 13 апрел куни имзолаган қарорга кўра, 1 июлдан бошлаб икки йиллик эксперимент тарзида бонд омборлари тизими ишга туширилади.

Янги тизим доирасида импорт қилинадиган товарларни божхона расмийлаштируви улар сотилгандан кейин амалга оширилади. Бу жараён юбориш декларацияси асосида бажарилади ва электрон тижорат иштирокчилари учун қулайлик яратади.

Бож қиймати

Қарорга мувофиқ, смартфонлар, ноутбуклар, планшетлар ҳамда айрим турдаги маиший техника воситалари учун ягона божхона тўлови жорий этилди. Унга кўра, ушбу маҳсулотлар бонд омборлари орқали сотилганда уларнинг сотиш қийматидан 5 фоиз миқдорида бож ундирилади. Бунда божсиз олиб кириш нормалари қўлланилмайди.

Шу билан бирга, кийим-кечак, пойабзал ва яна 30 га яқин товар тоифалари учун алоҳида тартиб белгиланди. Ушбу маҳсулотлар сотилганда 3 фоиз божхона божи ва қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ундирилади. Рўйхатга трикотаж маҳсулотлари, устки кийимлар, болалар кийимлари, шунингдек турли хил пойабзаллар киради.

Товар қийматдан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади

Агар товар сотиш қиймати унинг божхона қийматидан паст бўлса, тўловлар божхона қиймати асосида ҳисобланади. Бундан ташқари, бонд омборлари орқали келтирилган товарлар бўйича тушумлар алоҳида ҳисобга олинади.

Назоратни кучайтириш мақсадида божхона ва солиқ органлари маркетплейслар билан ҳамкорликда товар айланмасини мониторинг қилади. Агар товарлар тижорат мақсадида қайта сотилаётгани аниқланса, уларга нисбатан умумий тартибдаги божхона тўловлари қўлланилади.

Мавзуга оид