add

Британия қироли ўз укасини барча унвонларидан маҳрум қилди

31.10.2025 | 17:3013852

Буюк Британия қироли Чарлз III укаси Шаҳзода Эндрюни барча расмий унвон ва фахрий мақомларидан маҳрум қилиб, уни Букенгем қарорғоҳидан чиқариб юборишга қарор қилди.

Британия қироли ўз укасини барча унвонларидан маҳрум қилди

Буюк Британия қироли Чарлз III ўз укаси, 65 ёшли Шаҳзода Эндрюга нисбатан қатъий чоралар кўрди. Бу ҳақда Букингем саройига таяниб, Reuters ва BBC хабар берди.

Эндрю сўнгги йилларда молиячи ва жиноятчи Жеффри Эпштейн билан бўлган муносабатлари ҳамда унинг номига қўйилган жинсий айбловлар сабаб жиддий танқид остида қолган эди.

Эпштейн жинсий жиноятлар, жумладан, вояга етмаганларни фоҳишаликка жалб этгани учун судланган. Эндрю эса зўрлашда иштирок этганликда гумон қилинмоқда. Уни шу йили уйида ўлик ҳолда топилган ҳуқуқ ҳимоячиси Виржиния Жуффре айблаб, судга берган эди. Жуффренинг яқинда чиққан хотиралар китоби эса айни можарони яна жамоатчилик эътиборига қайтарган.

Бу воқеалардан сўнг Шаҳзода аввал «Ёрк герцоги» унвонидан воз кечишга мажбур бўлган, энди эса расман фақат «Эндрю Маунтбеттен-Виндзор» деб аталади.

Қироллик саройи баёнотида айтилишича, Эндрюга қароргоҳ ижарасидан воз кечиш ҳақида расмий огоҳлантириш берилган. Энди у шарқий Англиядаги Сандрингем мулкида хусусий уйда яшайди.

«Бу чоралар айбловлар тан олинмаганига қарамай зарур деб топилди. Қирол ва малика барча зўравонлик қурбонларига ҳамдардлик билдирадилар», — дея қўшимча қилинади Сарой баёнотида.

Эндрюнинг қизлари малика Евгений ва малика Беатрис унвонларини сақлаб қолади.

Марҳума қиролича Елизавета II нинг иккинчи ўғли Эндрю илгари Британия ҳарбий-денгиз кучларида хизмат қилган, 1980 йилларда Фолкленд урушида қатнашган ва узоқ йиллар мамлакатнинг савдо элчиси сифатида фаолият юритган. Бироқ 2019 йилда у барча расмий вазифаларидан четлатилган, 2022 йилда эса ҳарбий унвонларидан ҳам маҳрум этилган.

Британия матбуоти хабарига кўра, Чарлз бу қарорни шахсан қабул қилган. Бу оила тарихидаги энг қатъий чоралардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Британияда сўнгги йилларда ёш авлод орасида монархияга бўлган ишонч пасайгани кузатилмоқда. Мутахассислар фикрича, Чарлз ва Уилямнинг бу ҳаракати монархия нуфузини сақлаб қолишга қаратилган стратегик қадамдир.

Теглар

Мавзуга оид