Британиядан Сингапургача: ОКМКда 200 млн долларлик тендердаги фирмалар шубҳалими?

18.02.2026 | 18:154 дақиқа

Олмалиқ кон-металлургия комбинати тендерларида Буюк Британия, Гуржистон ва Сингапурдаги «арвоҳ» компаниялар 200 млн доллардан ортиқ шартномаларни олгани ҳақидаги суриштирув давлат харидлари шаффофлигига жиддий саволлар туғдирди.

Британиядан Сингапургача: ОКМКда 200 млн долларлик тендердаги фирмалар шубҳалими?

OCCRP (Organized Crime and Corruption Reporting Project) ҳамда Finance Uncovered эълон қилган суриштирувга кўра, 2022 йилдан буён Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) тендерларида ўнта хорижий компания 200 млн доллардан ортиқ шартномаларни ютиб олган.

Қайд этилишича, айрим компаниялар расмий ҳужжатларда «фаол эмас» деб кўрсатилган. Баъзиларида эса тоғ-кон соҳасида тажриба бўлмаган ёки ОАВ сўровларидан кейин назорат қилувчи шахслар ҳақидаги маълумотлар ўзгартирилган.

Британиядаги «қоғоздаги» компаниялар

1

Сўнгги уч йил ичида Буюк Британияда рўйхатдан ўтган Lemixton Solutions Ltd ва Golders Business Ltd компаниялари ОКМК тендерларида камида 35 миллион долларга яқин шартномаларни қўлга киритган.

Lemixton Solutions 22,5 миллион доллар, Golders Business эса 13 миллион долларлик тендерларни ютиб олган. Шу билан бирга, бу фирмалар Ўзбекистонга юзлаб юк жўнатмаларини амалга оширгани қайд этилган.

Бироқ ҳар икки компания 2021 йилдан бери ҳисоботларда ўзини «фаол эмас» деб кўрсатиб келган. Британия қонунчилигига кўра, ҳисобот йилида тижорат фаолияти юритган компания нофаол ҳисобланмайди.

2025 йилда журналистлар сўровларидан сўнг Британия реестрида назорат қилувчи шахслар ҳақидаги маълумотлар орқага сана қўйилган ҳолда ўзгартирилган. 

Дастлаб, муҳим назоратга эга шахс сифатида Ўзбекистон стол тенниси федерацияси вице-президенти бўлиб ишлаган Grigoriy Xvan кўрсатилган, кейинчалик унинг ўрнига Колумбия фуқароси Felipe Gerrero киритилган.

7 млн доллардан ортиқ шартномаларда имзоси бор айрим шахслар ҳужжатларни ўзлари имзоламаганини билдирган. Улардан бири бу ҳақда Британия расмийларига ҳам мурожаат қилган.

Гуржистон компаниялари: 350 долларлик компаниялар — 68 млн долларлик тендерларда

2

Грузияда кончилик соҳасида ҳеч қандай тажрибаси бўлмаган тиббий туризм координатори ҳар бири атиги 350 доллардан бир нечта компанияни сотиб олган.

Бу компаниялардан иккитаси — LOSBP ва Prof Engineering — 2022 йилдан буён ОКМК тендерларида жами 68,45 миллион долларлик шартномаларни ютиб олган. Уларнинг 65,9 миллион долларлик қисми компаниялар сотиб олинган пайтга қадар берилган.

Ҳужжатларга кўра, айрим ҳолатларда бу компаниялар бир тендерда ўзаро рақобатлашган бўлса-да, баъзи вазиятларда улар бир хил мулкдорга тегишли ёки бир хил назорат остида бўлган. Компанияларнинг аксариятининг веб-сайти йўқ. Журналистлар Gerrero ҳамда Xvanga яқин шахслар билан унинг онлайн алоқаларини ҳам қайд этган.

Сингапур изи: 100 млн долларлик занжир

3

Polisteel Solutions, Ventopro ва Mek Industrial Technology номли учта Сингапур компанияси 2022 йилдан буён ОКМКдан 102,9 млн долларлик тендерларни ютиб олган. Уларнинг расмий эгаси сифатида Жанубий Корея фуқароси Sedong Choy кўрсатилган.

Хитойнинг Denair компанияси 2025 йилги молиявий ҳисоботида Mek Industrial Technology назорат қилувчи шахси Багамадаги Colcot Company билан боғлиқлигини қайд этган. Ушбу компанияда директор сифатида Grigoriy Xvan тилга олинган. Кейинчалик Denair якуний бенефициарлар ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслигини билдирган.

OCCRP маълумотига кўра, Colcot 2024 йил март ойида Манхэттенда 4,4 млн долларлик квартира сотиб олган, битимни эса Xvanning ўғли Aleksey Xvan имзолаган.

Сингапур компаниялари вакили эса Xvan ушбу тузилмаларни назорат қилмаслигини маълум қилган.

Йирик солиқ тўловчи атрофидаги баҳслар

Суриштирувда айрим компаниялар бир-бири билан эҳтимолий алоқаларга эга бўлишига қарамай, ОКМКнинг бир хил тендерларида рақобатчи сифатида қатнашгани қайд этилган.

ОКМК Ўзбекистондаги солиқ тушумларининг қарийб 9 фоизини таъминлайди. Таҳлил қилинган тендерлар эса 2022 йилдан бери корхона харажатларининг тахминан 7 фоизини ташкил этади.

«Transparency International» ташкилоти вакили Ben Kaudokнинг таъкидлашича, тегишли тажрибага эга бўлмаган компанияларга йирик давлат контрактларини бериш хавф туғдиради ва айниқса ОКМКнинг эҳтимолий IPOси олдидан шаффофлик муҳим аҳамият касб этади.



ОКМК расмийлари нима дейди?

Эълон қилинган суриштирувдан кейин Олмалиқ кон-металлургия комбинати расмий баёнот берди.

Комбинат маълум қилишича, 2021 йилдан буён барча давлат харидлари белгиланган тартибда махсус электрон платформа орқали амалга оширилади ва электрон савдолар инсон омилисиз ўтказилади.

Қайд этилишича, мақолада тилга олинган импорт контрактлар тендер ва танлов усулларида Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасининг «etender.uzex.uz» электрон портали орқали очиқ рақобат асосида амалга оширилган.

Тўғридан тўғри шартномалар тузилмаган. Ҳар бир лот бўйича энг арзон нарх таклифи автоматик равишда ғолиб деб топилган.

Комбинатга кўра, иштирокчилар ўртасида аффилланганлик ҳолатлари электрон тизим орқали автоматик текширилган ва қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмаган.

Шунингдек, ғолиб компаниялар товарларни шартнома шартларига мувофиқ, белгиланган сифат ва муддатларда етказиб бергани, барча маҳсулотлар махсус комиссия иштирокида қабул қилингани таъкидланган.

Комбинат баёнотида ушбу шартномалар корхона манфаатларига зарар етказмагани ва давлат харидлари жараёнида қонун бузилиш ҳолатлари содир этилмагани қайд этилган.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 118

Барчаси

Мавзуга оид