Logo

«Бу аҳмоқона ва мазмунсиз уруш» — Лавров ва Рубио Филиппинда музокаралар ўтказди

Учрашув 35 дақиқа давом этди.

«Бу аҳмоқона ва мазмунсиз уруш» — Лавров ва Рубио Филиппинда музокаралар ўтказди

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Филиппиннинг Манила шаҳрида ACEAN саммити доирасида учрашув ўтказди. 35 дақиқа давом этган музокараларда асосий эътибор Украинадаги урушни якунлаш масаласига қаратилди.

Марко Рубио Россия-Украина урушини тугатиш учун янги ёндашувлар кераклигини билдирган.

«Олдинги таклифлар ўша вақтда Украина учун қабул қилиб бўлмас эди. Менимча, ҳозир ҳам улар учун қабул қилиб бўлмайди. Агар тинчлик ўрнатилса, бу қандайдир янги ғоялар ва янги концепциялар туфайли содир бўлади. Тегишли шароитлар яратилса, биз уларнинг баъзиларини таклиф қилишга тайёрмиз», — деди АҚШ Давлат котиби.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп одамлар ҳалок бўлишини тўхтатишни истайди.

«У [Трамп] буни аҳмоқона ва мазмунсиз уруш деб ҳисоблайди. Ва агар биз уни тўхтатишда ўз ролимизни ўйнай олсак, Қўшма Штатларнинг кучи ва таъсирини ишга соламиз», — дея таъкидлади Рубио.

Ўз навбатида, музокараларда Лавров фронтдаги реал ҳолат ҳақида гапириб, бу борадаги Москва позициясини маълум қилган.

«Киев режимини қурол-яроғ билан таъминлашни давом эттиришга йўл қўйиб бўлмайди», — дейилади Россия ТИВ хабарида.

Шунингдек, Лавров Россиянинг можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилишга тайёрлигини тасдиқлаган.

Анкориж келишувлари ва ҳудудий масала
Учрашувда Россия томони АҚШ томонидан Анкориж саммитида илгари сурилган таклифларга содиқлигини билдирган. Бироқ, Bloomberg хабарига кўра, Россия эҳтимолий тинчлик битими доирасида босиб олинган ҳудудларни Украинага қайтаришни режалаштирмаяпти.

«Владимир Путин Кремлда Анкориждаги норасмий келишувлар бузилган деб ҳисоблангани сабабли ҳар қандай ҳудудий ён беришлардан бош тортди», — дея ёзади нашр манбаларга таяниб.

Маълумот ўрнида, бу Лавров ва Рубионинг 2025 йилдан бери тўртинчи марта учрашишидир. Бунгача улар Ар-Риёд, Куала-Лумпур ва Ню-Йоркда музокаралар ўтказган эди.

Теглар

Мавзуга оид