Logo

«Бу йил ётоқхоналарга жойлаштириш бўйича жиддий муаммолар кутилмаяпти» — вазирлик

Бугун 21:242 дақиқа

Республика бўйича 394 та ётоқхона мавжуд бўлиб, уларда 160 минг ўрин бор. Ҳозирга қадар 70 мингдан ортиқ талаба ётоқхона учун онлайн ариза топширган.

Ўзбекистонда 2026–2027-ўқув йилида ётоқхоналарга жойлаштириш бўйича жиддий муаммолар кутилмаяпти. Ётоқхона билан қамров даражаси бугунги кунда 58 фоизга етган. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилди.

Айтилишича, талабаларни тураржой билан таъминлаш ва ижара хонадонларига жойлаштириш бўйича марказлар иш бошлаган. Вазирликнинг яна бир мулозимига кўра, республика бўйича 394 та ётоқхона мавжуд бўлиб, уларда 160 минг ўрин бор. Талабалар биринчи курсдан магистратура босқичигача белгиланган тартибда жойлаштирилади. Ҳозирга қадар 70 мингдан ортиқ талаба ётоқхона учун онлайн ариза топширган. Шунингдек, олий таълим муассасалари томонидан 20 мингга яқин ижара хонадонлари рўйхати шакллантирилган бўлиб, уларнинг 10 мингга яқини Тошкент шаҳрига тўғри келади.

Вазирликнинг маълум қилишича, юқори балл тўпловчилар кўпайгани сабабли натижаларнинг жамланиши ва максимал балл бериш механизмлари бўйича ҳам таҳлиллар олиб борилмоқда. Имтиҳондан муваффақиятли ўтганлар 15 кун ичида тест синови топширган фанлар мажмуаси ва таълим тилига мос бештагача университет ва таълим йўналишини танлаши мумкин эди. Анжуманда келаси ҳафтадан абитуриентларга олтинчи йўналишни танлаш имконияти ҳам берилиши режалаштирилаётгани айтилди.

Олтинчи танлов йўналиши вакант қолган ўринлар учун қайта танлов ҳисобланади. Бу жараён Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайти орқали, абитуриентнинг шахсий кабинетида амалга оширилади. Абитуриент ўз тест натижалари асосида фақат бўш ўринлар мавжуд бўлган йўналишларни кўра олади ва шу йўналишлар бўйича танловда иштирок этади.

Vaqt.uz мухбири Ражабовга кириш балларининг ошиши сертификатлар ҳисобига бўлганми ёки йўқ, шу бўйича сўради. У ушбу тизимдан кўзланган асосий мақсад якуний тест жараёнларини қисқартириш бўлган-бўлмагани билан ҳам қизиқди.

Вазир ўринбосари эса миллий сертификат саволлари олий таълимга кириш тестларидан фарқ қилиши, унда ёпиқ саволлар билан бирга очиқ саволлар ҳам мавжудлиги, баҳолаш Раш модели асосида амалга оширилишини айтди.

«Шу сабабли бу тизим фақат жавобни белгилашни эмас, балки билимни чуқурроқ баҳолашни ҳам таъминлайди. Сўнгги йилларда миллий сертификатга эга абитуриентлар сони сезиларли ошган. Бу эса ижобий тенденция сифатида баҳоланмоқда. Тест синовларида эса айрим ҳолларда тасодифий белгилаш орқали ҳам балл олиш мумкин бўлса, сертификат тизимида бундай ҳолатлар анча чекланган», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ имтиёзли абитуриентлар ичида энг юқори натижани хотин-қизлар лиготаси билан кирганлар ташкил қилгани ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Нозима Қаршибоева

Нозима ҚаршибоеваМақолалар сони: 64

Барчаси

Мавзуга оид