add

Бюджет жараёнини режалаштириш ва назорат қилиш тартиби янгиланди

Бугун 11:06952 дақиқа

Янги қонун бюджет маблағларидан фойдаланиш, лойиҳаларни кўриб чиқиш ва макроиқтисодий прогнозлашда очиқликни кучайтиради.

Бюджет жараёнини режалаштириш ва назорат қилиш тартиби янгиланди

2025 йил 25 декабрда қабул қилинган ЎРҚ–1107-сонли қонун билан бюджет жараёнини такомиллаштиришга қаратилган қатор муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Янги нормалар давлат молияси бошқарувида шаффофликни ошириш, парламент назоратини кучайтириш ҳамда харажатларни режалаштиришда аниқликни таъминлашга қаратилган.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистоннинг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан товар етказиб берувчилар билан тузилган шартномалар фақат ғазначилик органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейингина кучга киради. Бу талаб бюджет маблағларининг мақсадли ва назорат остида сарфланишини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, навбатдаги йил учун Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритиладиган лойиҳалар портфеллари ҳар йили 1 июлга қадар Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилиши белгиланди. Ушбу лойиҳалар фракциялар ҳамда Қонунчилик палатаси қўмиталарида муҳокама қилиниб, 10 кун ичида таклиф ва тавсиялар шакллантирилади.

Янги тартибга кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳар йили 15 апрелга қадар ўрта муддатли давр учун камида икки хил сценарий асосида макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозининг дастлабки баҳосини ишлаб чиқади. Бу бюджет параметрларини турли иқтисодий шароитлардан келиб чиқиб баҳолаш имконини беради.

Қонун билан давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги чораклик ҳисоботларга ҳам аниқлик киритилди. Энди ушбу ҳисоботлар бюджет таснифига мувофиқ муайян даврда давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг ижроси натижаларини қамраб олади.

Теглар

Мавзуга оид