«Бунёдкор» футбол клуби 2025-йилни 54 млрд сўмга яқин зарар билан якунлади

Бугун 17:291 дақиқа

Клуб узоқ йиллардан бери зарар билан фаолият олиб бормоқда. 1-январдан «Ўзбекнефтгаз» клубни молиялаштиришни тўхтатган.

«Бунёдкор» футбол клуби 2025-йилни 54 млрд сўмга яқин зарар билан якунлади © Foto: FCBunyodkor.com

Тошкентнинг «Бунёдкор» футбол клуби 2025-йилда 53,8 млрд сўм зарар кўрди. Бу ҳақда Vaqt.uz’га клубнинг молиявий ҳисоботидан маълум бўлди.

«Бунёдкор» йил давомида даромадини 14,7 фоизга ошириб, 10,8 млрд сўмга етказди. Зарар эса 2024-йилга нисбатан 8 фоизга ўсиб, 53,8 млрд сўмга етди. Клуб узоқ йиллардан бери зарарда фаолият олиб бормоқда.

Таққослаш учун, Тошкентнинг бошқа бир номдор клуби «Пахтакор» ҳам 2025-йилни 50 млрд сўмдан кўпроқ зарар билан якунлаганди. 2025-йилги Ўзбекистон Суперлигасини «Бунёдкор» 5-ўринда, «Пахтакор» 2-ўринда тугатган.

«Бунёдкор» футбол клубини узоқ йиллардан бери «Ўзбекнефтгаз» молиялаштириб келаётган эди. Бироқ, 2026-йил 1-январдан бошлаб клубни молиялаштириш тўхтатилган.

Молиявий ҳолат ёмонлашишига «Бунёдкор»нинг бразилиялик футболчи, Олтин тўп соҳиби Ривалдо олдидаги қарздорлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Футболчи олдидаги қарздорлик вақтида ёпилмаса клубга трансфер тақиқи ҳам қўйилиши мумкин.

Маълумот учун, 2026-йилдан бошлаб Ўзбекистон Суперлигаси иштирокчилари давлат бюджетидан 35 млрд сўмдан маблағ олади.

Кейинги йилларда давлат молиялаштириши босқичма-босқич камайтирилади. 2027-йилда ҳар бир клубга 30 млрд сўм, 2028-йилда эса 25 млрд сўмдан ажратилиши белгиланган. Бу эса клубларни мустақил даромад манбаларига ўтиш учун рағбатлантиради.

Теглар

Мавзуга оид