Logo

«Бутун Ливан ёниб кулга айланиши керак»: Исроил Трампдан ғазабланмоқда

Исроилда АҚШ ва Эрон ўртасида тузилган оралиқ келишувдан жамоатчиликнинг норозилиги кучайган. Яҳудий мамлакатида «Америка Исроилга хиёнат қилди» деган ҳиссиёт шаклланмоқда.

«Бутун Ливан ёниб кулга айланиши керак»: Исроил Трампдан ғазабланмоқда © Getty Images

АҚШ ва Исроил ўртасидаги келишмовчилик шу ҳафта ўзининг янги чўққисига чиқди. Исроилнинг йирик нашрларида чоп этилган мақолаларда президент Доналд Трамп Эрон билан тузилган оралиқ келишуви ортидан Исроилни энг ашаддий душмани қаршисида ёлғиз ташлаб кетганликда айбланди.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши қўшма урушини якунлаш шартларини белгилаб берган ушбу келишув жамоатчилик ва сиёсий доираларда кескин ғазаб уйғотди. Бу норозилик нашрларнинг бош саҳифаларидан тушмаяпти. Таҳлилчилар мазкур ҳолатни хиёнатга учраганлик ҳисси билан изоҳламоқда.

Айниқса, кескин танқидлардан бири бўлган «Сиз барча даврларнинг энг зўр президенти бўлишингиз мумкин эди, аммо муваффақиятсизликка учрадингиз» сарлавҳали мақолада Трамп Эрон билан таслим бўлиш ҳақидаги битимни имзолаганликда айбланди.

Аёвсиз танқидларга бой ушбу мақола мамлакатнинг етакчи газеталаридан бири — Трампнинг нуфузли ҳомийси Мириам Аделсонга қарашли «Israel Hayom» нашрида чоп этилди.

Трампга мактуб шаклида ёзилган мазкур чиқиш янги келишувни қоралашда ҳатто Исроилнинг энг радикал сиёсатчиларини ҳам ортда қолдирди. Унда АҚШ президенти янги урушга йўл очганликда ва ўз мамлакатини «шарманда» қилганликда айбланади.

«Собиқ президент Барак Обаманинг юзидаги табассум, унинг битимини тарихдаги энг ёмони деб атаган одамга нисбатан чуқур истеҳзони ифодаларди», — дейилади мақолада.

Бу орқали Трамп ўз бошқарувининг биринчи муддатида чиқиб кетган 2015 йилги ядровий битимга ишора қилинмоқда. Бен-Гурион университети профессори, «Эронофобия: Исроил васвасасининг мантиғи» китоби муаллифи Хагай Рамнинг таъкидлашича, Трамп яқин-яқингача «Исроилдаги энг машҳур шахс» эди, бироқ энди у салбий қаҳрамонга айланди.

Профессорнинг қўшимча қилишича, асосий оммавий ахборот воситалари «Эрон тузоғи» деб баҳолаётган мазкур келишувдан сўнг бундай муносабатнинг юзага келиши жамиятдаги «фобия» ҳамда «Америка Исроилга хиёнат қилди» деган ёппасига шаклланган ҳиссиёт билан бевосита боғлиқдир.

Дарз кетган иттифоқ

АҚШ ва Исроил ўртасидаги иттифоқ замонавий жаҳон тарихидаги энг яқин муносабатлардан бири саналади. 1948 йилда Исроил давлати ташкил этилишида муҳим ўрин тутган Вашингтон уни кўплаб низоларда қўллаб-қувватлаб келди. Жумладан, Фаластин халқига нисбатан геноцидда, хусусан, Ғазо секторининг ўнлаб йиллар давом этган қамали ва унга уюштирилган ҳужумларда Исроил халқаро ҳуқуқ нормаларини очиқча бузган бўлса-да, АҚШ уни ҳамиша ёқлаб келган.

Илгари ҳам ўзаро келишмовчиликлар бўлиб турган, аммо уларнинг ҳеч бири АҚШ ва Эрон ўртасида шу ҳафта имзоланган ўзаро англашув меморандуми ортидан келиб чиққан баҳслардек кескин бўлмаган. Шунга қарамай, кузатувчилар икки давлат ўртасидаги кўп йиллик стратегик иттифоқ ҳамон мустаҳкам эканини алоҳида таъкидламоқда.

Кўплаб исроилликлар Эронни ўз мамлакатининг Яқин Шарқдаги ашаддий душмани деб билади ва унга қарши курашни яшаб қолиш уруши сифатида қабул қилади. Ўнлаб йиллар давом этган ушбу қарама-қаршиликда Исроил сиёсатчилари, жумладан, бош вазир Бинямин Нетаняху Эрон ядро қуролига эга бўлиш арафасида турганини ва ўз иттифоқчилари, хусусан, Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи билан бирга Исроилни йўқ қилиш пайида эканини даъво қилиб келади.

Аммо Исроил иштирокисиз ўтган музокаралар натижасида тузилган ушбу келишув шартларига кўра, барча ҳарбий ҳаракатлар, жумладан, март ойи бошида Ливанга қарши бошланган ҳужумлар ҳам зудлик билан тўхтатилиши лозим эди. Бундан ташқари, Вашингтон ва Теҳрон меморандумда кўрсатилган Ливаннинг «ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини» ҳурмат қилиш мажбуриятини олди. Ваҳоланки, айни пайтда Исроил Ливан ҳудудининг қарийб бешдан бир қисмини назорат қилмоқда.

Бу шартлар Исроилда ўта совуқ кутиб олинди

Исроилнинг 12-канали ўтказган сўровнома кенг жамоатчилик орасида АҚШ ва шахсан Трампга бўлган ишончга путур етганини кўрсатди. Натижаларга кўра, исроилликларнинг атиги 11 фоизи Эронга қарши урушда ўз мамлакатини «ғалаба қозонди» деб ҳисоблайди. Сўровда қатнашганларнинг 71 фоизи эса меморандум доирасида Эрон билан олиб бориладиган келгуси музокараларда Исроил манфаатларини ҳимоя қилиш масаласида Трамп маъмуриятига мутлақо ишонмаслигини билдирган.

Вашингтоннинг асл мақсадларидан хавотирланиш фақат жамоатчилик билан чекланиб қолмади. Бош вазир Нетаняху меморандум шартлари бўйича ҳали ошкора баёнот бермаган бўлса-да, Исроил Ливанга ҳужумларни давом эттирмоқда. «Ҳизбуллоҳ» келишув шартларини бузди» деган даъволар эса кузатувчиларга Нетаняхунинг ўзини бу битимга амал қилишга мажбур деб ҳисобламаслигидан яққол далолат беради.

Ҳукуматнинг бошқа аъзолари эса бундан ҳам кескинроқ муносабат билдирди. Ултраўнгчилар — Молия вазири Безалел Смотрич ва Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ушбу оралиқ келишувни оммавий равишда қоралади.

«Америкаликларга бўлган ҳурматимизни сақлаган ҳолда айтаман: Исроил бизнинг фарзандларимиз қони ва фуқароларимиз хавфсизлиги ўйинчоқ эмаслигини бутун дунёга тушунтириб қўйиши шарт. Бутун Ливан ёниб кулга айланиши керак», — деб ёзди Бен-Гвир «X» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

 «Ҳақиқат бомбалари»

АҚШ расмийлари Исроилнинг сиёсий доиралари ва оммавий ахборот воситаларида музокараларнинг бундай талқин қилинаётганидан норози бўлди. «Катта еттилик» саммитида Трамп журналистларга Нетаняху Ливанга уюштирилаётган ҳужумларда «бироз ҳаддидан ошиб кетганини» таъкидлади.

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс эса исроиллик танқидчиларга нисбатан янада кескинроқ муносабат билдирди. Вэнсдан Нетаняхунинг ўзаро англашув меморандумидан ғазабда экани ҳақидаги хабарлар бўйича изоҳ сўралди. Шунда у Исроилнинг Ғазодаги геноцид уруши ва қўшниларига қилаётган ҳужумлари бутун дунёда қораланаётганига эътибор қаратиб, шундай жавоб қайтарди: «Айни пайтда Трамп бутун дунёда Исроил давлатига хайрихоҳ бўлган ягона давлат раҳбаридир».

«Агар мен Исроил ҳукумати таркибида бўлганимда, бутун дунёда мен учун қолган ягона кучли иттифоқчига тош отмаган бўлардим», — дея қўшимча қилди у.

Сиёсий таҳлилчи Ори Голдберг вазиятни шунчаки келишмовчилик эмас, балки жиддий «жарлик» деб баҳолади.

«АҚШ етакчиларининг Исроилни танқид қилаётгани улар тўсатдан тўғри йўлни топиб олганидан эмас, балки фактларни ортиқ инкор этиб бўлмайдиган даражага етганидандир. Уларнинг ҳар бир гапи тўғри. Булар — том маънода ҳақиқат бомбаларидир. Исроил ҳақиқатан ҳам уларни урушга тортиб кирди ва Нетаняху Трампдан ўз мақсадлари йўлида устамонлик билан фойдаланди», — деди Голдберг.

Вазият эса тобора чигаллашиб бораётгандек кўринади. Шанба куни Исроил Ливанга ҳужумларни давом эттиргани сабабли, Эрон Ҳўрмуз бўғозини яна ёпиб қўйди. Эслатиб ўтамиз, айнан ушбу муҳим иқтисодий дарвозанинг аввалроқ ёпилиши Трампни музокаралар столига ўтиришга мажбур қилган эди.

Теглар

Мавзуга оид