
«Буйруқ бор, кесинглар» — Булунғурда мингга яқин дарахт аҳолига кестирилгани айтилмоқда
Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги Оқтепа каналининг реконструкцияси пайтида мингга яқин дарахт кесиб ташлангани хабар қилинди.

Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида канал қурилиши давомида мингга яқин дарахт кесилгани айтилмоқда. Бу ҳақда «Замон» информацион дастурида хабар берилди.
Маълумотларга кўра, 23 километрдан ортиқ масофага чўзилган Оқтепа каналида сув вақтинча тўсилиб, бетонлаштириш ишлари бошланган. Шу вақт давомида Келдон, Небўса, Ўроқли, Гулзор ва Мингчинор маҳаллаларида оқиб ўтувчи канал бўйидаги мингга яқин дархт кесиб тшлангани айтилмоқда.
Кесилган дарахтлар орасида терак, тол, тут, ёнғоқ каби турлар борлиги, уларнинг мораторий талабларига зид равишда йиқитилгани алоҳида таъкидланди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербоев булар сув танқислиги авж олган бир пайтда амалга оширилганини танқид қилиб: «Турли дарахтлар, жумладан, терак, тол, тут, ёнғоқ каби дарахтлар мораторий талабига зид равишда кесиб ташлангани кўриняпти. Қизиғи шундаки, айни пайтда бутун Республика бўйича сув танқислиги кузатилмоқда. Ерости сувлари, сизот сувлари ҳам қочган, яъни бир дарахтни экиб қўйгандан кейин унинг кўкариши, бу даражага олиб келиш жуда ҳам қийин»,— деди.
Энг кўп муҳокамага сабаб бўлган ҳолатлардан бири — айрим дарахтларни канал атрофида истиқомат қилувчи аҳолининг ўзига кестирилгани бўлди.
Фуқаролардан бири канал назоратчиси уларга «кесинглар, бизга буйруқ берилган, президент қарори бор», дея топшириқ берганини айтди. Бу эса кесиш жараёнининг қонунийлиги юзасидан жиддий саволларни келтириб чиқармоқда.
Хабарда айтилишича, кесилган дарахт таналари фуқароларнинг ўзига қолдирилган, бироқ уларнинг ярим пулини тегишли ирригация тизими бошқармасига тўлаш шарт қилиб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Нукус ва Бобур кўчалари кесишмасидан бошлаб жойлашган ҳудудда 174 туп дарахт ва бута ноқонуний равишда кесиб ташлангани ҳақида хабар берилган эди.





