Буюк Британияда болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланади
Ҳукуматнинг фикрича, ижтимоий тармоқларни болалар учун хавфсиз муҳит деб атаб бўлмайди, улар болаларни бахтсиз қилади.
© yahoo.comБуюк Британияда 16 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқларга кириш тўлиқ тақиқланади. Мазкур қонун 2026 йил охиригача қабул қилиниши режалаштирилмоқда, у келгуси йилнинг баҳорига келиб кучга киради. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Кир Стармер маълум қилди.
Кейинроқ Буюк Британия ҳукумати «Snapchat» , «TikTok», «YouTube», «Instagram», «Facebook» ва «X» тармоқлари тақиқ остига тушишига аниқлик киритди. Ҳукумат болаларнинг «WhatsApp» ва «Signal» каби мессенжерларга киришини чеклашни режалаштирмаяпти. Шу билан бирга, ҳукумат турли платформалардаги «зарарли функциялар»ни, жумладан, тўғридан-тўғри трансляциялар ва 16 ёшга тўлмаган болалар билан мулоқот қилиш имкониятини блоклашни режалаштирмоқда.
Стармернинг фикрича, ижтимоий тармоқларни болалар учун хавфсиз муҳит деб атаб бўлмайди, улар болаларни бахтсиз қилади. Бош вазирнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқлар таҳқирлашни осонлаштиради ва болалар у ерда «уларнинг руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хавфли контент» билан тўқнашади. У, шунингдек, ижтимоий тармоқлар қарамликни келтириб чиқарадиган тарзда яратилганини қўшимча қилди.
АҚШнинг энг йирик технологик компаниялари томонидан салбий муносабат кутяптими, деган саволга Стармер тақиқ унинг технологиялар ва сунъий интеллектга қарши чиқаётганини англатмаслигини айтди.
«Сунъий интеллект ва технологияларнинг келажаги учун болаларимизни ҳимоясиз қолдиришимиз керак, деган важга ҳеч қачон рози бўлмайман», - деди бош вазир.
Тақиқлар
Болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тақиқлаган дунёдаги биринчи мамлакат Австралия бўлди. Бундай тақиқ 2025 йил декабр ойида кучга кирди. Қонунни бажармаслик учун жавобгарлик ижтимоий тармоқ эгалари зиммасига юклатилади. Агар улар киришни блоклаш учун зарур чораларни кўрмаса, уларни 49,5 миллион Австралия долларигача (33 миллион АҚШ доллари) жарима кутади. Бундай чоралар қаторига 16 ёшга тўлмаган болаларнинг аккаунтларини фаолсизлантириш ва шу ёшдаги янги фойдаланувчиларни рўйхатдан ўтказишни тақиқлаш киради.

