add

Буюк Британияда доимий истиқомат учун кутиш 20 йилгача узайтирилмоқда

Бугун 18:391721 Дақиқа

Аввалги 5 йиллик муддат 10 ва ҳатто 20 йилгача оширилади. Янгиланган қоидалар 2026 йилдан кучга киради.

Буюк Британияда доимий истиқомат учун кутиш 20 йилгача узайтирилмоқда

Буюк Британия ички ишлар вазири Шабана Маҳмуд мамлакатда қонуний равишда яшовчи муҳожирлар учун доимий яшаш ҳуқуқини (ILR — Indefinite Leave to Remain) олиш талаблари жиддий равишда ўзгартирилишини маълум қилди. Бу ўзгаришлар 2026 йил баҳоридан кучга кириши режалаштирилмоқда.

Ҳозирги кунда ILR олиш учун керакли муддат 5 йил бўлса, 2021 йилдан кейин Британияга кирган тахминан 1,6 млн муҳожир учун бу муддат 10 йилга, баъзи ҳолатларда эса 20 йилгача оширилади. Бу Европадаги энг узоқ кутилувчи муддат ҳисобланади.

Янги режага кўра, сўнгги 12 ойда қисқа муддатли ижтимоий ёрдам олган муҳожирлар 15 йил, 12 ойдан кўп ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлганлар эса 20 йил кутишга мажбур бўлишади. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат визаси билан келганлар учун ҳам муддат 5 йилдан 15 йилга узайтирилади.

Вазир Маҳмуд доимий яшаш ҳуқуқи «ҳақ» эмас, «шараф» эканини таъкидлаб, янги тизим жамиятга мослашув, иқтисодий ҳисса ва яхши хулқ каби мезонларга асосланишини билдирди.

Янги талабларга кўра, мурожаат қилувчилар камида лицей даражасида инглиз тилини билиши, жиноий ўтмиши тоза бўлиши ва сўнгги 3 йил давомида йиллик 12 570 фунт стерлинг даромад кўрсатиши шарт. Автоматик равишда оила аъзоларига ҳам ҳуқуқ берилмайди — 18 ёшдан кичик болалар учун алоҳида ариза топшириш керак бўлади.

Шу билан бирга, Буюк Британия миллий соғлиқни сақлаш тизимида (NHS) ишловчи шифокор ва ҳамширалар ILR ҳуқуқини 5 йилда, юқори даромадли ва тадбиркор муҳожирлар эса 3 йилда олишлари мумкин бўлади.

Теглар

Мавзуга оид

Буюк Британияда доимий истиқомат учун кутиш 20 йилгача узайтирилмоқда | Vaqt.uz