«BYD» 22 мамлакатда «Tesla»дан ўзиб кетди

04.03.2026 | 17:202 дақиқа

Хитой автогиганти сўнгги 5 йил ичида электромобиллар бозорида кескин устунликка эришиб, бир қатор мамлакатларда америкалик рақибини ортда қолдирди.

«BYD» 22 мамлакатда «Tesla»дан ўзиб кетди

2020–2025 йиллар оралиғида электромобиллар савдоси бўйича Хитойнинг «BYD» компанияси 22 мамлакатда Теслаъдан ўзиб кетди. Бу ҳақда S&P Global Mobility маълумотларига таянган ҳолда «Nikkei Asia» нашри хабар берди.

2025 йил якунига кўра, «BYD» илк бор «Tesla»ни ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик электромобил етказиб берувчига айланди.

Американинг «Tesla» компанияси етказиб бериш ҳажми йиллик ҳисобда 8,6 фоизга камайиб, 2024 йилдаги 1,79 млн донадан 2025 йилда 1,64 млн донага тушди. Шу даврда BYD савдоси 28 фоизга ўсиб, 2,26 млн электромобилга етди.

Таҳлилчиларга кўра, хитойлик ишлаб чиқарувчи рақобатда устунликни асосан аккумуляторлар ва асосий компонентларни ўз корхоналарида ишлаб чиқариши орқали сақлаб қолмоқда. Бу эса маҳсулот нархини нисбатан арзон даражада ушлаб туриш имконини беради.

Компания Европа бозорларида ҳам фаол позицияни эгалламоқда. Хусусан, Буюк Британия, Испания ва Италия каби мамлакатларда «BYD» савдоси «Tesla»дан юқори кўрсаткичларни қайд этган. Шунингдек, қимматбаҳо автомобиллар улуши юқори бўлган Гонконг ва Сингапурда ҳам хитойлик бренд етакчиликка чиққан.

Бироқ Шимолий Америка бозорида компания муайян қийинчиликларга дуч келмоқда. АҚШнинг тариф сиёсати ва президент Доналд Трамп маъмурияти босими сабаб «BYD» 2025 йилда Мексикада завод қуриш режасидан воз кечишга мажбур бўлди.

Шу билан бирга, компания глобал кенгайишни давом эттирмоқда. Хитой ички бозорида талаб бироз секинлашганига қарамай, «BYD» хорижий ишлаб чиқаришни кенгайтиришга уринмоқда. Масалан, 2025 йилда компания Хитойда қарийб 3,5 млн автомобил сотган бўлса-да, бу ўтган йилга нисбатан 10 фоизга кам.

Компания экспортга таянган моделдан босқичма-босқич маҳаллий ишлаб чиқаришга ўтмоқда. Жумладан, Таиланд ва Бразилияда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, 2026 йилда эса Венгрияда янги завод ишга туширилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «BYD» 2025 йилда 4,6 млн машина сотиб, «Ford»ни жаҳон рейтингида бир поғона пастга туширганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид