
ChatGPT энди тиббий ва ҳуқуқий маслаҳат бермайди
OpenAI чат-боти энди тиббий ёки ҳуқуқий масалалар бўйича фақат умумий маълумотлар тақдим этади.

OpenAI компанияси ChatGPT фойдаланиш қоидаларини янгилаб, унга шифокор ёки адвокат сифатида жавоб беришни тақиқлади. Янгилик Reddit фойдаланувчилари томонидан илк бор пайқалди. Айтилишича, эндиликда ChatGPT фақат интернетдаги умумий маълумотларни келтиради ва фойдаланувчиларни лицензияли мутахассисга мурожаат қилишга ундайди.
Маълум бўлишича, чат-бот энди тиббий тасвирлар ёки одам танасига оид фотосуратларни таҳлил қилмайди. Ҳатто фаразий сценарийлар ёрдамида чекловларни четлаб ўтишга уринишлар ҳам самара бермайди.
Кўплаб фойдаланувчилар чат-бот тиббий ёки ҳуқуқий мавзуларда аввал бошланган мулоқотларни ҳам давом эттиришни тўхтатганини маълум қилишган. Бу ўзгаришлар компаниянинг ҳуқуқий хавфлардан қочиш уриниши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Сўнгги маълумотларга кўра, одамлар орасида ChatGPT’дан тиббий ёрдам ёки ҳуқуқий маслаҳат сифатида фойдаланиш ҳолатлари кўпайган. Айримлар ҳатто суд ишларида чат-бот жавобларидан далил сифатида фойдалангани айтилмоқда. Бу эса тиббий ёки адвокатлик сири тўғрисидаги қонунларга мос келмайди.
Маълумот учун, OpenAI 29 октябрда чат-ботдан фойдланиш қоидаларини янгилаган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида «Сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатлар тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилгани ҳақида хабар берилганди.





