Чехия компанияси Ўзбекистонда кон техникаларини ишлаб чиқариши мумкин

Бугун 20:022 дақиқа

Чехиянинг «Ferrit» компанияси Ўзбекистонда тоғ-кон саноати учун техника ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда, бу эса мамлакатда саноат кооперациясини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Чехия компанияси Ўзбекистонда кон техникаларини ишлаб чиқариши мумкин

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, 15 май куни вазир ўринбосари Акрам Алиев Чехиянинг «Ferrit» минтақавий директори Дмитрий Нагорний билан музокара ўтказди. Учрашувда геология ва тоғ-кон соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Компания вакиллари Ўзбекистоннинг инвестиция муҳитини юқори баҳолаб, мамлакатда саноат ускуналари ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликка қизиқиш билдирган. Хусусан, «Ferrit» томонидан тоғ-кон саноати эҳтиёжлари учун замонавий техника ва ускуналар ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалари кўриб чиқилди.

Томонлар янги технологияларни жорий этиш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва маҳаллий саноат кооперациясини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Учрашув якунида инвестиция ҳамкорлигини жадаллаштириш учун қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.

Ўзбекистон—Чехия келишуви

Аввалроқ Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Ўзбекистон—Чехия бизнес-форуми доирасида умумий қиймати 2 миллиард еврога тенг 20 дан ортиқ келишув имзоланганини маълум қилган эди. У Чехия компанияларининг геология соҳаси, жумладан Навоий кон-металлургия комбинати учун ускуналар етказиб бериш ва маҳаллий ишлаб чиқариш лойиҳаларига қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлаган.

Қудратовнинг сўзларига кўра, мазкур йўналишда 300 миллион евролик янги шартномалар ва келишувларга эришилган. Улар нафақат технология етказиб бериш, балки Ўзбекистонда айрим турдаги саноат техникасини ишлаб чиқаришни ҳам назарда тутади.

Теглар

Мавзуга оид