China Energy Қозоғистонда яшил энергетикага 1 млрд доллар инвестиция киритади

Хитойнинг China Energy компанияси икки йирик қайта тикланувчи энергия лойиҳасини амалга оширади — Туркистонда қуёш, Қарағандада шамол электр станциялари барпо этилади.

China Energy Қозоғистонда яшил энергетикага 1 млрд доллар инвестиция киритади

Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженов ва China Energy президенти Сиао Субин 24 октябр куни учрашув ўтказди. Суҳбат якунида томонлар мамлакатда икки йирик яшил энергия лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувни тасдиқлади, деб хабар берди Kazinform агентлиги.

China Energy компаниясининг умумий инвестиция миқдори 1 млрд доллардан ошиб кетиши кутилмоқда. Лойиҳалар доирасида Туркистон вилоятида 300 MW қувватли қуёш электр станцияси ва Қарағанда вилоятида 500 MW шамол электр станцияси қурилади.

Бу ташаббуслар COP-29 иқлим конференциясида имзоланган Хитой ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасидаги қайта тикланувчи энергия бўйича битим доирасида амалга оширилмоқда. Учрашувда шунингдек, Kazakhtelecom билан ҳамкорликда маълумотларни қайта ишлаш маркази (DPC) қуриш масаласи муҳокама қилинди. Марказ фақат яшил энергия манбаларидан фойдаланади ва бу лойиҳа Қозоғистоннинг икки стратегик устувор йўналиши — «яшил иқтисодиёт» ва «рақамли инфратузилма ривожланиши»га мос келади.

Вазир Ерлан Аккенженовнинг таъкидлашича, «China Energy билан шериклик нафақат инвестиция, балки илғор технологияларни ҳам мамлакатга олиб кирмоқда. Туркистон ва Қарағанда лойиҳалари карбон нейтралликка эришиш сари муҳим қадам бўлиб, энергия сақлаш ва ақлли тармоқлар йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш салоҳияти катта».

Томонлар энергетика, рақамлилаштириш ва инновациялар соҳаларида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва янги йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятини билдирди.

Теглар

Мавзуга оид