
Чипталар қолдими ўзи? — талабалар учун поезд чипталарига 50 фоиз чегирма эълон қилинди
Бу чегирма билан талабалар қишки таътилда маҳаллий йўналишлардаги поезд чипталарини ярим нархда харид қилиши мумкин бўлади. Бироқ чипталар аллақачон сотиб бўлингани айтилмоқда.

«O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi» АЖ талабалар учун 2025 йил 18 декабрдан 2026 йил 12 январгача барча маҳаллий йўналишларда ҳаракатланувчи йўловчи поездлари чипталарига 50 фоиз чегирма эълон қилди.
Маълум қилинишича, ушбу чегирма SV/VIP класс вагонлари ҳамда юқори тезликда ҳаракат қилувчи «Afrosiyob» поездига тааллуқли эмас.
Имтиёз талабаларга қишки таътил мобайнида сафарларни арзонлаштириш, турли ҳудудлар ўртасидаги ҳаракатланишни енгиллаштириш ва таътилни самарали ўтказиш имконини яратишга қаратилган. Чегирма барча маҳаллий йўналишлар учун амал қилади, дейилади хабарда.
Бироқ ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган суратларга кўра 23 декабрдан 27 декабргача Тошкент-Нукус йўналиши бўйича бирорта чипта қолмаган.
Шу сабаб фойдаланувчилар Янги йил байрами олдидан поездларга қўшимча вагонлар қўшиш кераклигини айтишмоқда.
Аввалроқ, Uzbekistan Airways ҳам маҳаллий парвозларда талаба йўловчилар учун 50 фоизгача чегирма жорий этганини маълум қилган эди.





