add

Чиқинди хизматидан қарздорлар SMS орқали огоҳлантирилмоқда

Бугун 12:291 дақиқа

Чиқинди хизматидан қарздор абонентларга оммавий SMS-хабарномалар юбориш амалиёти бошланди. Огоҳлантиришдан сўнг 5 кун ичида қарздорлик бартараф этилмаса, электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти вақтинча чекланади.

Чиқинди хизматидан қарздорлар SMS орқали огоҳлантирилмоқда

Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги 15 январь ҳолатига кўра республика бўйича чиқинди хизмати учун 9,3 млрд сўм миқдорида дебитор қарздорлик шаклланганини маълум қилди. Мазкур қарздорликлар юзасидан жами 118 646 та абонентга «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг 2100 қисқа рақамидан SMS орқали огоҳлантиришлар юборилган. Айни пайтда хабарнома тарқатиш жараёнлари давом этмоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, SMS-огоҳлантириш олинганидан кейин беш кун ичида қарздорлик бартараф этилмаса, абонентнинг электр энергияси учун тўлов қилиш имкониятига вақтинча чеклов ўрнатилади. Бу чора коммунал хизматлар бўйича ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлашга қаратилган.

Мутасаддилар таъкидлашича, ушбу тартиб 2025 йил 1 июлдан бошлаб чиқинди хизматларидан шаклланган қарздорликларга нисбатан жорий этилган. Тизим эса 2025 йил 1 ноябрдан эътиборан ойма-ой қўлланиб, унинг қамрови босқичма-босқич кенгайиб бормоқда.

Янги механизм орқали аҳоли ва хўжалик субъектларининг чиқинди хизмати учун қарздорликларини қисқартириш, соҳада молиявий барқарорликни таъминлаш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, коммунал хизматлар ўртасида ягона тўлов интизомини шакллантириш мақсад қилинган.

Шунингдек, чиқиндиларни бошқариш соҳаси ва хизмат сифатига доир таклиф ҳамда шикоятларни агентликнинг 1205 қисқа рақами орқали сутканинг исталган вақтида юбориш мумкинлиги эслатилди. Мурожаатлар 24/7 режимида қабул қилинади.

Теглар

Мавзуга оид