
Чиқиндидан қарздорларнинг электр учун тўлов қилиш имкониятини чеклаш бошланди
Айни пайтда республика кесимида чиқинди хизматларидан жами 18,2 млрд сўм дебитор қарздорлик мавжуд.

Ўзбекистонда 6 декабр ҳолатига чиқинди ташиш хизматларидан қарзи мавжуд қарийб 205 минг абонентнинг электр энергиясига тўлов қилиш имконияти вақтинча чекланди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар бермоқда.
Агентлик келтирган маълумотларга кўра, республика бўйича чиқинди хизматларидан юзага келган умумий дебитор қарздорлик 20,1 млрд сўмни ташкил этган.
Агентлик ҳисоботида айтилишича, 231 мингдан ортиқ қарздор абонентлар «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг 2100 рақами орқали СМС йўли билан огоҳлантирилган. Уларга қарздорликни бартараф этиш учун 5 кун муҳлат берилган ва ушбу даврда 9,4 млрд сўмлик тўлов амалга оширилган.
Шунга қарамай, қарздорликнинг асосий қисми — 18,2 млрд сўм қопланмаган. Шу боис агентлик белгиланган тартиб асосида электр тўловига вақтинча чеклов жорий қилган.
Мутасаддилар таъкидлашича, қарз тўлиқ қопланиши билан чеклов дарҳол бекор қилинади.
Маълумот учун, амалдаги тартиб 2025 йил 30 июнгача бўлган қарздорликка тааллуқли эмас. У 1 июлдан кейин шаклланган йиғимлар учун жорий йилнинг 5 ноябридан амал қила бошлаган. Қонунчиликка кўра, ҳар ойнинг 3-кунигача қарздорлар рўйхати «Тоза макон» биллинг тизимидан «Ҳудудий электр тармоқлари» базасига ўтказилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 январидан чиқинди хизматлари учун тўловлар фақат онлайн тарзда қабул қилинади. Интернет алоқаси мавжуд бўлмаган ҳудудларда истисно тариқасида банк кассалари ва «Ўзбекистон почтаси» орқали тўлов қилиш имконияти сақланиб қолган.





