add

Чирчиқ шаҳрида ноқонуний ер сотмоқчи бўлганлар қўлга олинди

26.11.2025 | 11:252432 дақиқа

Тошкент вилоятида ҳокимлик ходими ва бир гуруҳ шахслар ўзаро тил бириктириб, 8.5 гектар ерни расмийлаштириб бериш эвазига тадбиркордан 7 млн 300 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Чирчиқ шаҳрида ноқонуний ер сотмоқчи бўлганлар қўлга олинди

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ер майдонлари билан боғлиқ коррупсион ҳолатлар аниқланди, деб хабар бермоқда ДХХ ахборот хизмати.

Маълумотларга кўра, Тошкент вилояти ҳокимлигининг инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бош мутахассиси, Тошкент шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ёрдамчиси, 1980 йилда туғилган риэлтор ва 1996 йилда туғилган шахс ўзаро тил бириктириб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига киришади.

Улар Чирчиқ шаҳрида жойлашган ва улгуржи савдо билан шуғулланувчи МЧЖ балансидаги 8,5 гектар ер майдонини фуқарога 6 млн 800 минг АҚШ долларига сотиш ҳамда ушбу ҳудудга электр, газ таъминоти, оқова сув йўлларини ўтказиш учун техник шарт ва рухсатномалар, шунингдек, қурилиш ишларини амалга ошириш учун тегишли рухсатнома олиб бериш эвазига 500 минг АҚШ доллари, жами 7 млн 300 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, гумонланувчилар 160 минг АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳридаги ҳолатда эса 1986 йилда туғилган фуқаро 2022 йилнинг октябр ойида маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси қуриш мақсадида Яшнобод туманида жойлашган 80 м² ер майдонини «E-auksion» дастури орқали ютиб, 49 йил муддатга ижарага олади.

Аммо, турли сабабларга кўра, қурилиш ишлари тўхтаб қолиб, ер майдонидан узоқ муддат давомида фойдаланилмаганлиги боис, 2025 йилнинг сентябрь ойида Яшнобод тумани ҳокимлиги томонидан ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш бўйича фуқаролик судига даъво аризаси киритилади.

Лекин, тадбиркор томонидан асослантирувчи ҳужжатлар тақдим этилгач, суд унинг фойдасига ҳал қилув қарори қабул қилган.

Суд жараёнларида давогар сифатида қатнашган Яшнобод тумани ҳокимлиги бош юристконсулти эса ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бермаслик эвазига тадбиркордан 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, ҳокимлик бош юристконсулти тамагирлик йўли билан 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Теглар

Мавзуга оид