Logo

Чирчиқ соҳилида 1,4 трлн сўмлик Business City қурилади

Бугун 18:012 дақиқа

Тошкентнинг Бектемир туманида Чирчиқ дарёсининг 16 километрлик қирғоқ ҳудудини қамраб олувчи «Daryo bo‘yi Business City» лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳа доирасида сунъий кўллар, йўллар ва янги жамоат масканлари барпо қилинади

Чирчиқ соҳилида 1,4 трлн сўмлик Business City қурилади

Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида Чирчиқ дарёсининг 16 километрлик қирғоқ ҳудудини ривожлантиришни назарда тутувчи «Daryo bo‘yi Business City» лойиҳаси тақдим этилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.


Лойиҳа концепцияси дарё бўйидаги ҳудудларни ободонлаштириш, шунингдек, яшаш, бизнес юритиш ва дам олиш учун замонавий маконларни яратишни кўзда тутади.

aa

Foto: Toshkent shahar hokimligi

Умумий майдони 958,7 гектарни ташкил этувчи ҳудуднинг 307 гектари инвесторларга ажратилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 1,416 триллион сўмга баҳоланмоқда.


Концепцияга кўра, ҳудуд тўртта йирик зонага бўлинади: узунлиги 3 километрдан бўлган River City ва Lake City, шунингдек, 5 километрлик Villa City ва Tech City.


Лойиҳанинг илк босқичи сифатида 144,3 гектар майдонни қамраб олувчи Tech City барпо этилади. Шундан 40 гектар ер инвесторлар учун мўлжалланган. Ҳудудда саноат объектлари, савдо майдонлари ва яшил зоналар учун 15 гектардан, уй-жой ҳамда ижтимоий инфратузилма учун эса 10 гектардан ер ажратилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, 15 километр автомобиль йўллари, пиёдалар ва велосипед йўлаклари қурилади.

aaa

Foto: Toshkent shahar hokimligi

Tech City лойиҳасининг қиймати 390 миллиард сўмга баҳоланмоқда. Ҳозирга қадар 187,4 миллиард сўмлик ишлар бажарилган бўлиб, лойиҳани якунлаш учун қўшимча 168 миллиард сўм талаб этилади.


Тақдимотда, шунингдек, умумий майдони 108 гектар ва сув сиғими 2,3 миллион куб метр бўлган 12 та сунъий сув ҳавзасини барпо этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Лойиҳа доирасида қирғоқларни мустаҳкамлаш ва сув сатҳини бошқариш бўйича муҳандислик ечимлари ҳам назарда тутилган.


Ҳокимликка кўра, ташаббус қирғоқбўйи ҳудудларини ривожлантириш, янги туристик ва жамоат масканларини яратиш, транспорт қулайлиги ҳамда экологик вазиятни яхшилашга хизмат қилади. Бундан ташқари, лойиҳа хизмат кўрсатиш, туризм, савдо ва тадбиркорлик соҳаларининг ривожланишига туртки бериши кутилмоқда.


Тақдимот якунида мутасаддиларга концепцияни аҳоли учун қулайлик, хавфсизлик, экологик барқарорлик ва иқтисодий самарадорлик мезонларидан келиб чиқиб янада такомиллаштириш топширилди.

Теглар

Мавзуга оид