Logo

«Чорвоқ меники»: Бўстонлиқдаги пляжларни назорат қилмоқчи бўлган иккита жиноий гуруҳ қўлга олинди

Бугун 18:201 дақиқа

Чорвоқ сув омбори ҳудудидаги пляжлар устидан ноқонуний назорат ўрнатмоқчи бўлган икки жиноий гуруҳнинг 13 нафар аъзоси ушланди.

«Чорвоқ меники»: Бўстонлиқдаги пляжларни назорат қилмоқчи бўлган иккита жиноий гуруҳ қўлга олинди © inbusiness.kz.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида зўравонлик билан шуғулланиб келган икки жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Тергов маълумотларига кўра, гуруҳлар Чорвоқ сув омбори ҳудудидаги пляжлар устидан ноқонуний назорат ўрнатиш ва таъсир доирасини кенгайтириш масаласида ўзаро зиддиятга киришган. Можаро давомида биринчи гуруҳ аъзолари рақиб томон вакилларини дўппослаб, уларга турли даражада тан жароҳати етказган.

Ушбу ҳолат юзасидан биринчи гуруҳнинг тўрт нафар аъзоси қўлга олиниб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан уларга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов маълумотларига кўра, 16-июл куни иккинчи жиноий гуруҳ аъзолари қасос олиш мақсадида биринчи гуруҳнинг қўлга олинмаган вакилига ҳужум қилган.

Улар кастет ва бейсбол битасидан фойдаланиб, жабрланувчига оғир тан жароҳати етказган.

Тезкор тадбирлар натижасида 19-июл куни мазкур гуруҳнинг уч нафар фаол аъзоси ҳамда воқеага алоқадор яна олти нафар шахс ушланди. Шу тариқа, икки босқичда жами 13 нафар гумонланувчи қўлга олинган ва уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

Тергов давом этмоқда


Тергов ҳаракатлари давомида иккинчи жиноий гуруҳ вакилларидан бирининг Instagram ижтимоий тармоғи орқали диний экстремистик ғояларни тарғиб қилувчи материалларни тарқатгани ҳам аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда алоҳида ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда. Ҳозирда иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

«Чорвоқ меники»: Бўстонлиқдаги пляжларни назорат қилмоқчи бўлган иккита жиноий гуруҳ қўлга олинди | Vaqt.uz