add

Cobalt сотуви: ҳар бешта шартноманинг фақат биттасига тўлов амалга оширилган

Кеча 10:439012 Дақиқа

UzAuto Motors 3 ноябрда сотувга қўйган 100 мингта Chevrolet Cobalt учун 7 кунлик муддатда бор-йўғи 20 минг 833 та автомобил учун тўлов амалга оширилган, қолган шартномалар эса бекор қилинган. Компания сотилмаган автомобилларнинг кейинги сотув жараёни ҳақида маълумот берди.

Cobalt сотуви: ҳар бешта шартноманинг фақат биттасига тўлов амалга оширилган

UzAuto Motors 3 ноябр куни сотувга қўйилган 100 мингта Chevrolet Cobalt учун 7 кунлик тўлов муддати якунлари бўйича маълумотларни эълон қилди.

Маълум бўлишича, шартнома расмийлаштирган мижозларнинг катта қисми тўловни амалга оширмаган: бор-йўғи 20 минг 833 та автомобиль учун тўлов тушган, қолган шартномалар эса бекор қилинган. Компания бу ҳолатни автомобилга бўлган ҳақиқий эҳтиёжсиз шартномалар кўп тузилгани билан изоҳлади.

Шундан келиб чиқиб, Cobalt моделини тўлов муддати тугагач UzAuto Motors ушбу русусмдаги автомобиллар сотувини расмий дилерлар орқали ренализация қилишга қарор қилган. Энди онлайн тизим орқали харид қилиб улгурмаган истеъмолчилар исталган расмий дилерлик марказидан Cobalt сотиб олиш имкониятига эга. (Яъни, Cobaltʼлар сотуви фақат автосалонлар орқали амалга оширилади, онлайн илова орқали эмас, деб тушунтирди Vaqt.uzʼга «ЎзАвтосанат» АЖ матбуот хизмати).

Дилерлик марказларида мижозлар улар учун қулай манзилни танлаши, автомобилларни кўриб чиқиб, қўшимча жиҳозларни кафолатга зарар етказмаган ҳолда шу ернинг ўзида ўрнатиши мумкин.

Компания маълумотига кўра, дилерлик тизими орқали сотилаётган барча автомобиллар ягона ахборот тизимида расмийлаштирилади ва ҳар бир шартномага QR-код берилади.

20 ноябр ҳолатига кўра дилерлик тармоғига 2 624 та Cobalt етказилган, улардан 1 969 таси сотилиб мижозларга топширилган. Яна 6 мингга яқин автомобиль дилерларга етказиш жараёнида.

UzAuto Motors онлайн платформа орқали харид қилинган автомобиллар белгиланган график асосида ўз вақтида топширилаётганини таъкидлади. Ноябрь ойида топширилиши керак бўлган машиналарнинг ярмидан кўпи аллақачон мижозларга берилган, декабрь ва январь ойларига мўлжалланган етказиб беришлар эса 15 декабрга қадар тўлиқ якунланиши режалаштирилган.

Сотув атрофида тарқалган коррупция ҳақидаги даъволарга компания раддия берди. UzAuto Motors бундай хабарларда ҳеч қандай далил келтирилмаганини, текширилмаган миш-мишлар компания ва расмий дилерлар обрўсига зарар етказишини маълум қилди. Шу сабабли, компания ҳар қандай текширилмаган, ҳеч қандай асосга эга бўлмаган миш-миш ва фаразларни тарқатмасликни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors компанияси 3 ноябр куни янги Chevrolet Cobalt автомобилларини сотишни бошлаган эди. Бор-йўғи 2 соат 26 дақиқада 100 мингта машина учун шартнома тузилган бўлиб, уларнинг 99 фоиздан ортиғини жисмоний шахслар харид қилган.

Теглар

Мавзуга оид