Cobalt сотуви камайса ҳам ишлаб чиқариш ўсмоқда
2026 йилнинг январ–феврал ойларида Ўзбекистонда энг кўп ишлаб чиқарилган автомобиль Cobalt бўлди. Бироқ унинг сотувлари ўтган йилга нисбатан 25,1 фоиз камайди.

2026 йил январ–феврал ойларида Ўзбекистонда автомобиль бозорида қарама-қарши тенденциялар кузатилди: айрим моделларда сотувлар пасайган бўлса ҳам ишлаб чиқариш ҳажмлари ошишда давом этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси эълон қилган маълумотларда кўриш мумкин.
Жами ишлаб чиқариш кўрсаткичларига кўра, енгил автомобиллар сони 57 334 донадан 64 221 донага етди. Бу умумий сегментда барқарор ўсиш сақланаётганини англатади. Юк автомобиллари ҳам 534 донадан 642 донагача ошган.
Алоҳида моделлар кесимида қаралганда, энг катта ўсиш Cobalt'да кузатилди. Унинг ишлаб чиқариш ҳажми 19 461 донадан 23 216 донагача кўтарилди. Шунингдек, Haval 1 117 донадан 2 405 донага, BYD эса 1 912 донадан 3 165 донагача ўсди.
Tracker моделида ҳам ижобий динамика сақланиб, ишлаб чиқариш 5 837 донадан 6 210 донагача ошди. Махсус енгил автомобиллар сегменти эса деярли икки баробар ўсиб, 3 812 донадан 6 380 донага етди.
Шу билан бирга, айрим моделларда пасайиш кузатилди. Жумладан, Damas ишлаб чиқариш ҳажми 12 983 донадан 12 301 донага тушди. Onix 6 718 донадан 5 215 донага, KIA 4 102 донадан 4 039 донага, Chery эса 1 392 донадан 1 290 донага камайди.

Бозордаги ҳолат
2026 йил январ–феврал ойларида Ўзбекистонда жами 57 512 дона автомобил сотилди.
Сотилган автомобилларнинг 15 мингдан ортиғини Cobalt ташкил этди. Бироқ бу кўрсаткич 2025 йилнинг январь–февраль ойларига нисбатан 25,1 фоизга камайган. Яъни бир йил ичида Cobalt сотуви қарийб тўртдан бирига қисқарган. Шунга қарамай, ушбу модел ҳануз бозордаги энг оммабоп автомобил сифатида етакчиликни сақлаб қолмоқда.
Бошқа моделлар кесимида эса турлича динамика кузатилди. Масалан, Onix ва Tracker сотуви мос равишда 223 фоиз ва 133 фоизга ошган бўлса-да, ишлаб чиқаришда Onix 6 718 донадан 5 215 донага тушди, Tracker эса бироз ўсиб, 6 210 донага етди.
Шу билан бирга, BYD бренди бозорда энг тез ўсган иштирокчига айланди. Компаниянинг умумий сотуви 61 фоизга ошди, айниқса, BYD Yuan Up модели 530 фоизлик ўсиш билан ажралиб турди.
Умуман олганда, 2026 йил бошида Ўзбекистон автомобил бозорида сотув ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ўртасида фарқ кучайиб бораётгани кузатилмоқда. Бу эса бозорда янги рақобат босқичи бошланганидан далолат беради.
Теглар






