
CoRun.ai автопарклар учун сунъий интеллектга асосланган модел яратмоқда
CoRun.ai автопарклар самарадорлигини яхшилайдиган СИ платформасига 3,5 млн доллар инвестиция жалб қилди. Лойиҳа орқали автопарклар ўз хавфини бошқаради.

CoRun.ai стартапи автопарклар самарадорлигини оширишга қаратилган сунъий интеллект платформасини ривожлантириш учун 3,5 млн миқдорида сид инвестиция жалб қилди. Компанияни Access Capital Management, Силикон водийсидаги ангел инвесторлар ва логистика соҳасидаги тажрибали мутахассислар қўллаб-қувватлади. Компания умумий баҳоси 17,5 млн доллар этиб белгиланди.
CoRun.ai томонидан яратилган асосий инновация — бу СИ асосидаги Captive Insurance модели бўлиб, автопаркларга ўз хавфини мустақил бошқариш, суғурта харажатларини камайтириш ва хавфсизлик натижаларини молиявий самарадорликка айлантириш имконини беради. Бу модел логистика соҳасидаги суғурта тизимида янги босқични бошлаб бериши мумкин.
Платформа автопаркларнинг операциялари, хавфсизлик ва молиявий кўрсаткичларини бирлаштириб, реал вақтда самарадорлик ва фойдани оширишни таъминлайди. Компания маълумотларига кўра, CoRun.ai’дан фойдаланган автопарклар икки рақамли самарадорлик ўсишини қайд этган. Масалан, йўналишларни интеллектуал оптималлаштириш ва ёқилғи харидини яхшилаш ҳисобига ёқилғи харажатлари 10,2 фоизга, профилактик таъмирлашлар ҳисобига милга тўғри келадиган таъмирлаш харажатлари эса 12,8 фоизга камайган.
Access Capital Management бош ҳамкори Тони Чен CoRun.ai’ни «операционал интеллектуал тизимлар учун янги стандарт» деб атади. Унинг таъкидлашича, платформада немисча аниқлик ва Силикон водийси сунъий интеллекти мужассам. Тизимни ишлаб чиқишда соҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этгани унинг самарадорлигини оширган.
CoRun.ai ҳаммуассиси Нодир Рўзматов эса ўзбек СИ мутахассисларининг глобал технологик инқилобдаги ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, «Силикон водийсидаги кейинги реал уникорнлар ўзбек илдизларига эга бўлади».





