
«Давлат аудити» дастурида рўйхатга кирмаган текширувлар ноқонуний ҳисобланади
Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган тегишли низомга кўра, «Давлат аудити» дастурида рўйхатга олинмаган аудит текширувлар ноқонуний деб топилади.

«Давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматлари томонидан Ўзбекистон Ҳисоб палатасининг «Давлат аудити» дастурий комплексидан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ушбу низомга кўра, «Давлат аудити» дастуридан фойдаланишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
назорат (аудит) тадбирларини рўйхатга олиш;
давлат молиявий назорат органлари ва ички аудит хизматларининг йиллик иш режаларига киритиладиган назорат (аудит) тадбирларини мажбурий тартибда Ҳисоб палатаси билан келишиш.
Шунингдек, «Давлат аудити» дастурида қуйидагилар фойдаланувчи субъектлар сифатида рўйхатдан ўтказилади ва уларга қуйидаги кириш ҳуқуқлари берилади:
давлат молиявий назорат органлари ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбари ва ўринбосари учун – «тасдиқловчи» ҳуқуқи;
давлат молиявий назорат органлари ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбари ўринбосари, таркибий бўлинмалари бошлиқлари учун – «маъқулловчи» ҳуқуқи;
давлат молиявий назорат органлари ҳамда ички аудит хизмати ходимлари (2 нафаргача) учун – «оператор» ҳуқуқи;
давлат молиявий назорат органлари ҳамда ички аудит хизматининг «оператор» ҳуқуқи берилмаган ходимлари учун – «фойдаланувчи» ҳуқуқи.
Давлат молиявий назорат органлари ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан «Давлат аудити» дастурида рўйхатдан ўтказиш учун Ҳисоб палатасига сўровнома тақдим этилади.
Низомга мувофиқ, «Давлат аудити» дастурида рўйхатга олинмаган назорат (аудит) тадбирлари ноқонуний ҳисобланади.





