Давлат идораларида бир ходимга тўғри келадиган ўртача майдон 2 бараварга қисқартирилади

Давлат кўчмас мулки объектлари босқичма-босқич ягона бошқарув тизимига ўтказилади, бир ходимга тўғри келадиган ўртача майдон 27 квадрат метрдан 12-15 квадрат метргача қисқартирилади.

Давлат идораларида бир ходимга тўғри келадиган ўртача майдон 2 бараварга қисқартирилади © Foto: president.uz

Давлат кўчмас мулки объектларини босқичма-босқич ягона бошқарув тизимига ўтказиш, бир ходимга тўғри келадиган ўртача майдонни 27 квадрат метрдан 12-15 квадрат метргача қисқартириш таклиф этилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 6-апрел куни танишган тақдимотда сўз борди.

Таъкидланишича, бу орқали 4,9 миллион квадрат метр майдонни иқтисодий айланмага киритиш, бўш биноларни савдо ва ижарага чиқариш, шунингдек, сақлаш ва коммунал харажатларни қисқартириш имконияти яратилади.

Йиғилишда хусусийлаштириш жараёнларида иш ўринларини сақлаб қолиш, янги мулкдорлар томонидан замонавий технологиялар жорий этилиши ва ишлаб чиқариш самарадорлиги оширилиши бўйича талабларни кучайтириш зарурлиги ҳақида ҳам сўз борди.

Тақдимотда давлат корхоналарини таҳлил қилиш тизимида замонавий рақамли воситалар ва сунъий интеллект имкониятларидан етарли даражада фойдаланилмаётгани қайд этилди. Молиявий ҳолати оғирлашган 451 та корхона 2024 йилда 14 триллион сўм, ўтган йили эса 362 та корхона 4 триллион сўм зарар кўргани айтилди. Шу муносабат билан давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини чуқур таҳлил қилиш, молиявий барқарорлигини баҳолаш ва муаммоларни барвақт аниқлашнинг янги механизмини жорий этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Хусусийлаштириладиган «UzAuto Motors» ва унинг таркибидаги корхоналар

Йиғилишда тадбиркорларга ажратилган, лекин иқтисодий айланмага тўлиқ киритилмаган ер участкалари масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 2022-2025 йилларда берилган 11,4 минг гектар ернинг 3,1 минг гектарида иқтисодий фаолият тўлиқ йўлга қўйилмагани таъкидланди.

Шу боис, ер участкаларининг ҳақиқий ҳолатини онлайн мониторинг қилиш, уларни тайёр лойиҳалар асосида аукционга чиқариш ва инвестиция киритиш шартини кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун «E-auksion», «Yerelektron», Ўзбеккосмос агентлиги, «Шаффоф қурилиш» ва «UzKAD» каби ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилган ҳолда самарали фойдаланилмаётган ерларни аниқлаш тизимини жорий этиш таклиф қилинди.

Ушбу ерларни иқтисодий айланмага киритишда жойлардаги ҳокимликларнинг ролини ошириш топширилди. Энди тадбиркорлик мақсадлари учун ер майдонлари рухсат берувчи ҳужжатлари билан бирга тайёр бизнес лойиҳаси сифатида аукционга чиқарилади.

Шунингдек, йирик активлар, жумладан, «UzAuto Motors» ва унинг таркибидаги корхоналар, «Навоийазо»”, иссиқлик электр станцияларини хусусийлаштиришга тайёрлаш ишлари ҳақида ахборот берилди.

Давлат активларини бошқариш агентлигида рақамли технологиялар лойиҳа офисини ташкил этиш таклифи билдирилди. Ушбу тизим доирасида хусусийлаштиришнинг барча жараёнлари онлайн кузатиб борилади, давлат корхоналарининг молиявий таҳлили ва тушумларни тақсимлаш жараёнларига сунъий интеллект элементлари жорий қилинади.

Давлат раҳбари иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш, активлардан самарали фойдаланиш ва хусусийлаштириш жараёнларини замонавий ёндашувлар асосида тезлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Теглар

Мавзуга оид