Logo

Давлат мукофотини олган ҳар бир инсоннинг меҳнати ва кўрсатган жасорати алоҳида эътирофга муносиб — Президент

Шавкат Мирзиёев мукофотланганлар орасида ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, юртимизга катта-катта сармоя ва замонавий технологияларни олиб келаётган хорижлик ҳамкорлар борлигини қайд этиб, уларга ҳам миннатдорлик билдирди.

Давлат мукофотини олган ҳар бир инсоннинг меҳнати ва кўрсатган жасорати алоҳида эътирофга муносиб — Президент © Prezident matbuot xizmati

Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида давлат мукофотларини топшириш маросимида ҳар бир тақдирланган инсоннинг меҳнати, ҳаёт йўли ва кўрсатган жасорати алоҳида эътирофга муносиб эканини таъкидлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари бугун Янги Ўзбекистоннинг овози энг нуфузли минбарларда ҳам баланд янграётгани, мамлакатнинг халқчил ва тинчликпарвар сиёсати халқаро миқёсда эътироф этилаётганини қайд этди.

«Ҳеч шубҳасиз, юқоридаги барча ўзгаришлар кўп миллатли халқимиз, сиз каби жонкуяр юртдошларимиз меҳнати билан амалга ошмоқда», — деди Президент.

Президент ҳар бир мукофотланганнинг машаққатли меҳнат йўли, эришган ютуқлари ва юрт тараққиётига қўшаётган ҳиссасини яхши билишини таъкидлади.

Мукофот соҳиблари орасида бутун умрини бунёдкорликка бағишлаган хоразмлик Рустам Султонов, чўлларни ўзлаштириш ва деҳқончиликни ривожлантиришга ҳисса қўшган сурхондарёлик Абдусаттор Қурбонов ҳам бор.

Бекобод металлургия комбинатида узоқ йиллардан буён пўлат эритувчи бўлиб ишлаётган Ғуломжон Туронов «Хизмат кўрсатган саноат ходими» фахрий унвони билан тақдирланди.

Шунингдек, наманганлик Илҳом Зиёвуддинов, бухоролик пиллакор Жамила Худойбердиева, қорақалпоғистонлик чорвадор Эсенбай Айтимуратов ва самарқандлик ирригатор Асланқул Каримқуловнинг хизматлари ҳам муносиб баҳоланди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасини безатган уста-наққош Сатторхўжа Тўхтахўжаевга «Хизмат кўрсатган қурувчи» фахрий унвони берилди.

Президент давлат мукофотларини олаётган ва жойларда унвон, орден ҳамда медалларни қабул қилиб олаётган барча юртдошларни самимий табриклади.

Мукофотланганлар орасида Ўзбекистонга сармоя ва замонавий технологияларни олиб келаётган хорижлик ҳамкорлар ҳам борлиги қайд этилиб, уларга миннатдорлик билдирилди.

«Кўксингизга ярашиб турган юксак унвон, орден ва медалларга одамлар ҳавас билан қарайди, ёшларимиз сизларга ўхшашга интилади. Бу сизларга келгуси ишларингизда янги куч-ғайрат ва илҳом беради деб ишонаман», — деди Мирзиёев.

Теглар

Мавзуга оид