
Давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарда таннарх камайтирилади
Президентнинг тегишли фармойиши билан давлат корхоналари фаолиятининг самарадорлигини ошириш белгиланди.

18 ноябр куни «Давлат корхоналарида таннархни камайтириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ф–59-сонли президент фармойиши қабул қилинди.
Ушбу фармойишни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад 2026 йилда давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарда маҳсулот таннархини камайтириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш этиб белгиланди.
Фармойишга кўра, давлат корхоналарида маҳсулот таннархини камайтириш ва меҳнат унумдорлигини оширишнинг қатор асосий йўналишлари белгиланди. Жумладан, харажатларни ҳар чоракда қайта таҳлил қилиш (spending review) орқали келгуси даврдаги ҳар бир йўналиш устуворлигидан келиб чиқиб, бюджет тўлиқ «нолдан» қайта кўриб чиқилади. Шу билан бирга, тежамкор ишлаб чиқариш ва меъёрлаш тамойиллари жорий этилади.
Шунингдек, давлат корхоналарида таннархни камайтириш ва самарадорликни ошириш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тузилади ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
давлат корхоналарига харажатларни мақбуллаштириш ва самарадорликни ошириш бўйича дастурлар тайёрлашда методологик ёрдам бериш;
тўлов тизимини такомиллаштириш орқали дебитор ва кредитор қарздорликларни камайтириш.





