add

Давлат харидларида бозор нархи сунъий интеллект орқали аниқланади

Янги тартиблар давлат харидларида рақобатни кучайтириб, нарх шаклланишида инсон омилини кескин камайтиришни мақсад қилади.

Давлат харидларида бозор нархи сунъий интеллект орқали аниқланади

Ўзбекистонда давлат харидлари тизимида рақобат ва шаффофликни оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилади. Президент фармонига мувофиқ, давлат харидларининг қулай ва замонавий экотизимини яратиш ҳамда унга сунъий интеллект технологияларини жорий этиш устувор вазифа этиб белгиланди.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 мартдан давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида харид предметининг ўртача бозор нархини сунъий интеллект асосида ҳисоблаб берувчи электрон модул ишга туширилади. Бу механизм нархларни сунъий ошириш хавфини камайтиришга хизмат қилади. Мазкур йўналишдаги ишлар учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги биринчи даражали масъул орган этиб белгиланган.

2026 йил 1 январдан давлат харидларида «таклиф сўрови» деб номланган янги рақобатли тартиб-таомил жорий этилади. Шу билан бирга, тўғридан тўғри шартномалар орқали амалга ошириладиган харидлар рўйхати бекор қилиниб, бундай харидлар фақат рақобатли усуллар асосида ўтказилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида ижрочи номи аниқ кўрсатилиши шарт бўлади.

Электрон дўконда оферталарни жойлаштириш муддати 60 кунгача узайтирилади, товар етказиб бериш учун эса камида 5 кун белгиланади. Харид ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш муддатлари қиймати ва мураккаблигига қараб қисқартирилади.

2026-йил 1-июлдан қуйидагилар жорий этилади:

Давлат харидларига оид таклифларни давлат харидлари электрон тизими орқали фақат электрон шаклда баҳолаш;

Давлат буюртмачилари томонидан товарларни (ишларни, хизматларни) қабул қилувчи шахсларга ишончномаларни давлат харидлари электрон тизими орқали электрон кўринишда расмийлаштириш.

Қуйидаги механизмларни назарда тутувчи «Давлат харидларида назорат» саҳифаси жорий этилади:

Давлат харидлари соҳасига оид ҳуқуқбузарликлар вужудга келиши мумкин бўлган хавфларнинг ягона таснифини шакллантириш;

Хавф-хатарларни тоифаларга ажратиш, шунингдек, уларни автоматик аниқлаш ва хабардор қилиш;

Давлат буюртмачиларини содир этган ҳуқуқбузарликларига кўра тоифаларга ажратиш;

Давлат харидларида энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини ўз ичига олувчи «Харидларда КПИ» рақамли рейтингини жорий қилиш.

2026 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси ҳар чоракда йирик давлат корхоналари харидлари бўйича очиқ муҳокамалар ўтказади.

Теглар

Мавзуга оид