
Давлат хизматидаги бўш иш ўринларига номзодлар онлайн тартибда танловдан ўтади
2026 йилдан давлат хизматига қабул қилиш жараёни тубдан янгиланиб, барча бўш лавозимлар «vacancy.gov.uz» орқали очиқ тарзда жойлаштирилиши ва номзодлар онлайн тартибда танловдан ўтиши мумкин бўлади.

Президент фармонига мувофиқ, 2026-йил 1-мартдан эътиборан давлат органларидаги бўш иш ўринлари «vacancy.gov.uz» электрон платформасида доимий равишда эълон қилиниб борилади. Бу эса ҳар бир фуқарога мавжуд лавозимлар ҳақида тезкор ва очиқ маълумот олиш имконини яратади.
Платформада иш қидирувчи сифатида рўйхатдан ўтган фуқаролар ўзига мос лавозим, малака талаби ва иш ҳақи параметрларини белгилаб, тўғридан-тўғри ариза топшириши мумкин бўлади. Давлат хизматидан ўтиш учун тест синовлари ҳам онлайн тарзда ёки махсус жиҳозланган хоналарда ўтказилади. Тест натижалари бир йил давомида амал қилиши белгиланмоқда, бу эса номзодларга бир неча танловда иштирок этиш имкониятини беради.
Шунингдек, танловнинг қўшимча босқичи сифатида соҳага оид билимларни баҳолаш тестлари ўтказилади. Ушбу жараён Агентлик ҳузуридаги Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан давлат органлари буюртмаси асосида амалга оширилади.
Миллий кадрлар захираси учун номзодлар рўйхати давлат органлари томонидан мустақил шакллантирилади, номзодларнинг ривожланиш режалари эса «zaxira.bsa.uz» платформасида мониторинг қилинади. Шу билан бирга, маҳаллада фаолият юритаётган мутахассислар орасидан салоҳиятли кадрларни саралаш механизми жорий этилади.
Агентлик давлат хизматида самарали ишлаётган, аммо раҳбарлар томонидан тавсия этилмаган номзодларни ҳам мустақил аниқлаб, уларни Миллий кадрлар захирасига киритиш ваколатига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилдан 33 туманда пилот тарзда натижага асосланган бошқарув тизими ва раҳбарлар ротацияси амалиёти жорий қилинади.





