Давлат ерини сотишга уринган маҳалла раиси ушланди

Бугун 09:332 дақиқа

Тошкент вилоятининг Паркент туманида маҳалла раиси ва яна икки шахс давлат захирасидаги ер майдонини 20 минг долларга сотишга урингани аниқланди.

Давлат ерини сотишга уринган маҳалла раиси ушланди © Videodan kadr

Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, 1970 йилда туғилган шахс ҳамда Давлат кадастрлари палатаси туман филиали муҳандиси харидордан пул олиш жараёнида қўлга олинган.

Тергов материалларида қайд этилишича, гумонланувчилар давлат захирасидаги 10 сотих ер майдонини 20 минг долларга сотишга келишган. Шунингдек, ер ҳужжатларини расмийлаштириш учун кадастр муҳандисига 2–3 минг АҚШ доллари бериш орқали масалани ҳал қилиш режалаштирилган.

Ўтказилган тезкор тадбир

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида уч нафар шахс 17 минг АҚШ доллари ва 37 миллион сўм олган вақтда ушланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ер муносабатлари соҳасида коррупциявий ҳолатларга қарши назорат кучайтирилмоқда. Хусусан, давлат захирасидаги ерларни ноқонуний ажратиш ёки сотиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича тез-тез тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.

Аввалроқ Андижон туманидаги МФЙлардан бирининг раиси ва ушбу маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси фуқарога чорвачилик мақсадида мазкур маҳалла ҳудудидан ажратиб берилган ер майдонининг 2 сотихини ҳамда давлат захирасида бўлган 28 сотих ерни Андижон шаҳрида яшовчи, бошқа бир шахс номига расмийлаштириб бериш эвазига, ер учун 57 минг АҚШ доллари ва кадастр идораларидаги танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириш учун 3 минг АҚШ доллар пора олган вақтда қўлга олинган эди.

Теглар

Мавзуга оид