Денгиздаги можаро нефт бозорини ларзага солди

Глобал энергетика харитасининг энг муҳим нуқтасида ҳарбий назорат ўрнатилиши дунё иқтисодиёти учун кутилмаган молиявий шокларни келтириб чиқармоқда.

Денгиздаги можаро нефт бозорини ларзага солди

Стратегик Ҳўрмуз бўғозидаги таранглик дунё энергия бозорига бевосита таъсир кўрсатмоқда. АҚШ ва Эрон ўртасида савдо кемаларини ўзаро қўлга олиш ҳолатлари кучайгани ортидан «Brent» маркали нефт нархи бир баррел учун 106 доллардан ошиб, бугунги биржа савдолари давомида 107 долларгача кўтарилди.

Вазиятнинг кескинлашишига Доналд Трампнинг янги баёноти туртки бўлди. Унга кўра, энди стратегик сув йўлидан ўтадиган кемалар АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари рухсати билан ҳаракатланиши лозим. Президент, шунингдек, Эрон катерлари томонидан мина ўрнатишга уринишлар бўлса, уларни йўқ қилиш бўйича буйруқ берилганини билдирди.

Бозорларга таъсир

АҚШ фонд бозорида ҳам салбий кўрсаткич қайд этилди: S&P 500 индекси 0,41 фоизга, Nasdaq Composite эса 0,89 фоизга пасайди.

Мутахассислар таъкидлашича, Ҳўрмуз бўғози орқали дунё нефти ва газ таъминотининг қарийб 20 фоизи ўтади. Шу сабабли бу ердаги ҳар қандай узилиш нархларга дарҳол таъсир кўрсатади.

Денгиздаги қарама-қаршилик

Трамп АҚШ денгиз қамали кўламини Эрон портларидан ҳам ташқарига кенгайтириб, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари рухсатисиз ҳеч бир кема бўғозга кира олмаслигини ёки ундан чиқа олмаслигини таъкидлади.

«Эрон келишувга эришмагунча, йўл бутунлай ёпиқ бўлади», — деб ёзди Трамп.

Ушбу огоҳлантиришлар Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) иккита хорижий юк кемасини қўлга олганини эълон қилганидан бир кун ўтиб янгради.

ИИМК Панама байроғи остидаги «MSC Francesca» ва Грецияга тегишли «Epaminondas» кемаларини денгиз хавфсизлигига таҳдид солгани учун ушлаганини билдирди.

Греция денгиз ишлари ва ороллар сиёсати вазирлиги эса «Epaminondas» кемаси қўлга олинганини рад этиб, у ҳамон капитан бошқарувида эканини маълум қилди.

Кемалар ҳаракати кескин камайди

«Windward» денгиз разведкаси платформаси маълумотларига кўра, 22 апрел куни бўғоз орқали атиги 9 та тижорат кемаси ўтган. Таққослаш учун, 21 апрел куни уларнинг сони 7 та, 20 апрел куни эса 15 тани ташкил этган.

Савдо ва тараққиёт ташкилоти маълумотларига кўра, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошлангунига қадар (2026 йил 28 феврал) бу йўналишдан кунига ўртача 129 та кема ўтган.

Теглар

Мавзуга оид