
Денис Мантуров Шавкат Мирзиёевга Путиннинг саломини етказди
Президент Мирзиёев Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 декабр куни Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатга келган Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Россиянинг Нижний Новгород ва Омск вилоятлари, Бошқирдистон ва Красноярск ўлкаси раҳбарлари ҳам иштирок этган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат аввалида юқори мартабали меҳмон давлат раҳбарига Россия Президенти Владимир Путиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Олий даражадаги учрашувлар натижаларига кўра эришилган келишувларни қабул қилинган «йўл харитаси» асосида амалга оширилиши муҳокама қилинган.
«Савдо ҳажми барқарор ўсиб бораётгани, саноат, энергетика, транспорт, металлургия, кимё ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида, жумладан, саноат зоналари доирасидаги кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудлар ва бизнес даражасида фаол ҳамкорлик алоқаларини давом эттириш бўйича мувофиқлаштирилган чоралар кўриш муҳим экани таъкидланди. Шу маънода, бугун Тошкентда бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилиши ва ишбилармонлик тадбирларининг натижалари юқори баҳоланди.», - дейилади хабарда.
Шунингдек, учрашув доирасида Россиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари Президентга ахборот технологиялари, энергетика, электротехника, машинасозлик, кимё, фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ режаларни тақдимот қилган.





