«Дўстимни қутқариб қолдим»: Жапаров Қамчибек Ташиевнинг ишдан олинишига изоҳ берди
Президент яқин дўстига қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирган.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг шов-шувли истеъфоси билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирди.
Давлат раҳбари Конституцияда белгиланган мажбуриятларни аниқ бажараётганини таъкидлади. Жапаровнинг сўзларига кўра, «давлат ва халқ манфаатлари дўстлик ва мансабдан устун туради».
Парламентдаги бўлиниш
«Ҳаммаси парламентдан бошланди. Айрим депутатлар ҳамкасбларидан кимнинг тарафида эканини сўрай бошлашган. Бир тараф генерал томон, яъни улар елкаларидаги погонларга ишора қилишган, иккинчи тараф эса президент томон бўлган. Шундан сўнг жараёнга «кўча оқсоқоллари» қўшилди. Улар юқори раҳбарият билан келишилганини айтиб, муддатидан олдин сайлов ўтказиш учун имзо йиғишди. Кейинчалик Жўқорғу Кенгеш гўёки муддатидан олдин сайлов ўтказмоқчи экани ҳақида гаплар тарқалди. Агар қатъий чоралар кўрилмаганида, халқ иккига бўлиниб кетиши мумкин эди. Менда депутатлар ва давлат хизматчилари генералнинг номи билан қўрқитилгани ҳақида далиллар бор», — деди давлат раҳбари.
Президент Ташиевни ишдан бўшатишдан олдин унга қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирганини билдирди.
«Қарор қабул қилишдан аввал унга қўнғироқ қилдим ва лавозимидан олаётганимни тушунтирдим. Менимча, шу тезкор қарорим билан дўстимни қутқариб қолдим. Чунки атрофидагилар уни нотўғри йўлга бошлаган эди», — деди президент.
МХДҚдаги «тозалаш» ва янги тайинловлар
Қамчибек Ташиев 10 феврал куни вазифасидан озод этилди. Шунингдек, унинг уч нафар ўринбосари — Курванбек Авазов, Даниел Рисалиев ва Элизар Сманов ҳам ишдан олинди. Максус хизмат раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Жумгалбек Шабданбеков тайинланди.
«75 кишининг мактуби» ва тартибсизликларга уриниш
Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги оммавий тартибсизликлар ташкил этишда гумонлаб Бекболот Талгарбеков, Курманбек Дийканбаев, Эмил Узакбаев, Курсан Асанов ва Аали Карашевни қўлга олган эди. Улар «75 кишининг мактуби» деб аталган ҳужжатга имзо чеккан шахслар ҳисобланади.
Ҳуқуқ-тартибот идораларининг маълумотига кўра, қўлга олинганлар фуқаролар гуруҳини шакллантириш, муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш ҳақида мурожаат тайёрлаш ва аҳоли орасида ёлғон маълумотлар тарқатишга уринган.





