Дубайда танкерга ҳужум: нефт нархлари нега кескин ошди?

Бугун 17:002 дақиқа

Форс кўрфазида танкерга дрон ҳужуми нефт нархларини оширди ва бозорларда хавотирларни кучайтирди.

Дубайда танкерга ҳужум: нефт нархлари нега кескин ошди?

«Bloomberg» ёзишича, 31-мартга ўтар кечаси Эрон дрони Дубай соҳиллари яқинида тўлиқ юкланган Кувайт нефт танкерини нишонга олган. Бу маълумотни «Financial Times» ҳам Британиянинг «UKMTO» марказига таяниб тасдиқлаган.

«Bloomberg» маълумотига кўра, гап «Al-Salmi» номли йирик нефт хомашёсини ташувчи танкер ҳақида бормоқда. У Кувайт байроғи остида юрган ва Дубай портида, амирликдан шимолий-ғарбий йўналишда 31 денгиз мили (тахминан 57 км) масофада якорда турган. Зарба маҳаллий вақт билан ярим тундан кейин берилган. Дрон корпусга шикаст етказиб, бортда ёнғин чиқишига сабаб бўлган, деб маълум қилди «Kuwait Petroleum» («Bloomberg» иқтибоси). Кема сўнгги кунларда узатган сигналларга кўра, Хитойнинг «Qingdao» шаҳрига йўл олган.

Кейинчалик «Dubai Media Office» «X» тармоғида хабар бериб, танкердаги ёнғин ўчирилгани, нефт оқиб чиқмагани ва «Al-Salmi»даги барча 24 экипаж аъзоси хавфсиз эканини маълум қилди.

Ҳужумга учраган кемалар

Шу тариқа, «Financial Times» ҳисоб-китобларига кўра, феврал охирида бошланган урушдан бери Форс кўрфази ва унинг атрофида ҳужумга учраган кемалар сони камида 23 тага етган. «Al-Salmi»га қилинган ҳужум бир ҳафтадан ортиқ вақт ичида тасдиқланган илк шундай ҳолат бўлган. «Bloomberg» маълум қилишича, сешанба тонги ҳолатига кўра, ҳужум содир бўлган якор ҳудудида турли турдаги 400 дан ортиқ кема бўлган.

Бу ҳодиса фонида «Brent» маркали нефт 31-март куни баррели учун 115,6 долларгача кўтарилди. Бироқ кейинчалик ўсиш секинлашди, нашр вақтида май фючерслари 113,5 доллар атрофида савдо қилинмоқда. Бу «The Wall Street Journal» манбаларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп ёрдамчиларига Эронга қарши ҳарбий кампанияни якунлашга тайёрлигини билдиргани ҳақидаги хабарлар фонида юз берди (ҳозирча Ҳўрмуз бўғози орқали кема қатнови масаласи ҳал этилмаган).

«WTI» русумли нефть фьючерслари ҳам 31-март куни кун давомида 106,86 долларгача кўтарилиб, нашр пайтига келиб 102,93 доллар даражасида қайд этилган.

Теглар

Мавзуга оид