
Дунёда энг кўп китоб ўқиш бўйича АҚШ етакчилик қилмоқда
World Population Review портали мамлакатлар аҳолиси йилига ўртача нечта китоб ўқиши бўйича маълумотларни эълон қилди.

World Population Review маълумотларига кўра, сўнгги рейтинг дунё мамлакатларининг китоб ўқишга бўлган муносабатини яққол кўрсатди. Тадқиқотга кўра, айрим давлатларда китоб ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган бўлса, бошқаларда у деярли унутилган.
Қайд этилишича, китобхонлик бўйича етакчиликни АҚШ қўлга киритган. Мамлакат аҳолиси бир йилда ўртача 357 соатни китоб ўқишга сарфлайди ва тахминан 17 та китоб ўқийди.
Ҳиндистон иккинчи ўринда турибди. У ерда ҳар бир киши йилига ўртача 16 та китобни мутолаа қилади ва 352 соат вақтини ўқишга бағишлайди. Учинчи ўринни Буюк Британия эгаллаб, мамлакат аҳолиси йилига тахминан 15 та китоб ўқийди.
Топ-бешликни Франция ва Италия якунлайди. Французлар ҳафтасига 5 соат 50 дақиқа, италияликлар эса 5 соат 20 дақиқани китоб ўқишга сарфлайди. Россия рейтингида олтинчи ўринда бўлиб, аҳоли ўртача йилига 11 та китоб ўқийди ва 223 соатни босма сўзга ажратади.
Марказий Осиё мамлакатларидан Қозоғистонда ҳар бир киши ўртача йилига 2,77 та китоб ўқийди. Бу рўйхатда Ўзбекистон ҳақида маълумот келтирилмаган.
Мазкур рўйхатнинг охирида Афғонистон, Бруней, Покистон, Саудия Арабистони ва БАА жой олган. Бу давлатларда аҳоли ўқийдиган китоблар сони ўртача 3 тага ҳам етмайди.





