add

Дунёдаги марказий банкларнинг 60 фоизи доллардан воз кечмоқчи

27.11.2025 | 08:586092 дақиқа

Янги сўровномага кўра, глобал захира тизимида кўпқутбли тузилма шаклланмоқда ва кўплаб марказий банклар долларга қарамликни камайтириш учун портфелларини диверсификация қилмоқда.

Дунёдаги марказий банкларнинг 60 фоизи доллардан воз кечмоқчи

Дунёдаги марказий банкларнинг қарийб 60 фоизи ўз инвестиция портфелларини доллардан узоқлаштириш орқали диверсификация қилишни режалаштираётгани маълум бўлди. Official Monetary and Financial Institutions Forum ўтказган сўровда қайд этилган ушбу маълумотни finance.yahoo хабар қилмоқда. Ўтган йилларда АҚШ ғазначилик облигацияларининг юқори ликвидлиги долларнинг устунлигини сақлаб турган бўлса-да, глобал захира тизимидаги ўзгаришлар янги жараёнларга асос солмоқда.

Сўровномада Европa, Африка, Лотин Америкаси ва Осиёнинг 10 марказий банки иштирок этди. Улар жами 6,5 трлн долларлик активларни бошқаради. Ўрганишга кўра, сунъий интеллектни чуқур қўллаётган марказий банклар хавфларга нисбатан анча эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Асосий хавотир — сунъий интеллект қарорларининг бозордаги келажакдаги инқирозларни тезлаштириши мумкинлиги. Иштирокчилардан бири «Сунъий интеллект кўпроқ кўришга ёрдам беради, лекин қарор барибир инсонники бўлиши керак», деган.

Сўровда қатнашганларнинг 60 фоиздан ортиғи сунъий интеллект ҳали марказий операцияларни тўлиқ қўллаб-қувватламаслигини билдирди. Ҳозирча СИ асосан маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва бозор мониторинги каби функционал вазифаларда ишлатилаётгани айтилган. Шу билан бирга, респондентларнинг 93 фоизи ҳали ҳам рақамли активларга инвестиция қилмаётганини маълум қилди. «Токенлаштириш қизиқиш уйғотмоқда, криптовалюталар эса эҳтиёткорлик билан қабул қилинмоқда», дейилади ҳисоботда.

Банклар дунё иқтисодий тизимини тез суръатда кўпқутбли тартибга ўтаётгани сифатида баҳолашмоқда. Бу эса бир томондан диверсификация истагини кучайтирса, иккинчи томондан ликвидлиги юқори ва хавфи паст активларга талабни сақлаб қолмоқда. Шу боис, доллардан узоқлашиш истаги ошганига қарамай, АҚШ облигацияларининг бетакрор ликвидлиги валютанинг асосий мавқеини ҳозирча мустаҳкамлаб турибди.

Сўров қатнашчиларидан бири «Биз биполяр эмас, кўпқутбли захира тизимига ўтяпмиз, лекин евро ҳали етакчиликка тайёр эмас», деган фикрни билдирган.

Долларнинг мавқеига Трамп маъмурияти сиёсатлари ҳам таъсир қилмоқда. Сўровда АҚШ президенти Доналд Трампнинг боғланмаган тариф қарори, ФЗТ мустақиллигига доир хавотирлар ва ташқи сиёсатдаги кескин ўзгарувчан позициялар глобал ишончни пасайтиргани таъкидланган. Мамлакатлар долларга бўлган қарамликни камайтириш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Жаҳон валютa захираларида доллар улуши илк бор 58 фоиздан пастга тушди. Мутахассисларнинг фикрича, АҚШ иқтисодиётининг кучли томони — ишонч; валютага ишонч сусайса, долларнинг глобал устунлиги ҳам хавф остида қолиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид