
Дунёнинг энг бой мамлакатлари рўйхати эълон қилинди
«Visual Capitalist» нашри Халқаро валюта жамғармасининг 2025 йилги маълумотларига таяниб, аҳоли жон бошига энг катта иқтисодий даромадга эга мамлакатлар рўйхатини эълон қилди.

Дунё бўйича аҳоли жон бошига энг юқори ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) кўрсаткичига эга мамлакатлар рўйхати эълон қилинди. «Visual Capitalist» нашри Халқаро валюта жамғармасининг 2025 йилга оид маълумотларига асосланган янги рейтингни эълон қилди.
Тадқиқотга кўра, бу давлатларнинг умумий жиҳати — аҳолининг нисбатан кам бўлиши ва самарали ижтимоий таъминот тизимларининг мавжудлиги ҳисобланади.
Биринчи ўринни Европанинг кичик давлати — Лихтенштейн эгаллади. У ерда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ 231 минг 713 долларни ташкил қилади. Бу кўрсаткичга мамлакатда меҳнат қилаётган ишчиларнинг тахминан 60 фоизи чет эл фуқаролари эканлиги таъсир қилган.
Иккинчи ўринда Люксембург жой олган бўлиб, у ҳам ташқи ишчи кучи ҳисобига юқори кўрсаткични қайд этган.
Учинчи ўрин Ирландияга тегишли — бу ерда бир киши ҳисобига ЯИМ 129 минг 132 доллар. Мамлакатда Google, Meta каби халқаро технология гигантларининг Европа марказларида жойлашгани ва қулай солиқ сиёсати иқтисодий ўсишга хизмат қилган.
Швейсария, Исландия ва Сингапур кейинги ўринларни эгаллади. Бу мамлакатлардаги юқори даромад аҳолининг ҳақиқий фаровонлиги ва барқарор молия тизими билан изоҳланади.
Айниқса, Сингапур мисоли эътиборга сазовор — 1980 йилдан буён бу мамлакатда ўртача даромад 19 баробар ошган.
Рейтингда Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон ҳам қайд этилмаган. Бу ҳолат минтақанинг ҳали иқтисодий жиҳатдан юқори даромадли мамлакатлар қаторига кирмаганини кўрсатади.





