
Душанбе Евроиттифоқнинг Тожикистон банкларига санкция қўллашига норозилик билдирди
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ЕИ томонидан бир қатор миллий банкларни санкциялар рўйхатига киритилишига қаттиқ эътироз билдирди ва бу қарор мамлакат молия тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқи (ЕИ)нинг бир нечта тожик банкларини янги санкциялар рўйхатига киритиш ҳақидаги қароридан чуқур ташвиш ва таассуф изҳор қилди. Вазирлик маълумотига кўра, 23 октябр куни ЕИ Кенгаши қатор давлатлар ва компанияларни қамраб олган навбатдаги чеклов чораларини тасдиқлаган, улар орасида Тожикистон ҳам бор.
«Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги айрим тожик банкларининг мазкур санкциялар рўйхатига киритилиши муносабати билан чуқур ташвиш ва таассуф изҳор қилади», — дейилади расмий баёнотда.
Вазирликнинг таъкидлашича, Тожикистон халқаро мажбуриятларга қатъий амал қилади ва санкциялардан четланиш билан боғлиқ хавфларни олдини олиш учун ҳамкор давлатлар билан яқин ҳамкорликка тайёр. Шунингдек, ҳукумат вазиятни чуқур ўрганаётгани ва санкциялар оқибатларини юмшатиш бўйича зарур чоралар кўраётгани қайд этилди.
Аввалроқ Қирғизистон ҳам ЕИга мурожаат қилиб, санкциялар рўйхатига киритилган қирғиз банклари бўйича холис халқаро текширув ўтказишни сўраган эди. Расмий Бишкек ЕИни Марказий Осиё мамлакатлари билан стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига кўмаклашиш бўйича ўз баёнотларига амал қилишга чақирди.
Қирғизистон ТИВ ЕИга санкциялар жорий этиш асос бўлган маълумотларни текшириш учун мустақил халқаро аудит ташкил этишни таклиф қилди. Вазирликнинг таъкидлашича, бу қарорлар фактларга эмас, балки тахминларга асосланмаганини аниқлаш имконини беради.





