Эбола вируси хавфига қарамай, АҚШ Конго жамоасининг мундиалда иштирок этишини тасдиқлади

Конго Демократик Республикаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатида «К» гуруҳидан жой олган ва гуруҳ босқичида Ўзбекистон, Колумбия, Португалияга қарши баҳс олиб боради.

Эбола вируси хавфига қарамай, АҚШ Конго жамоасининг мундиалда иштирок этишини тасдиқлади © sports.yahoo.com

АҚШ ҳукумати Эбола вируси тарқалиши сабаб жорий этилган чекловларга қарамай, Конго Демократик Республикаси терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этишига рухсат беришини тасдиқлади. Бу ҳақда «Al Jazeera» нашри АҚШ Давлат департаменти маълумотларига таяниб хабар берди.

АҚШда Эбола хавфи туфайли сўнгги 21 кун ичида Конго Демократик Республикаси, Уганда ва Жанубий Судан ҳудудида бўлган чет эл фуқароларининг мамлакатга кириши вақтинча тақиқланган. Аммо ушбу чеклов Конго миллий терма жамоаси учун истисно тартибида қўлланмайди.

Махсус тиббий назорат чоралари кўрилади

АҚШ расмийларининг таъкидлашича, конголик футболчилар ҳозирда Европада машғулот ўтказаётгани сабабли, улар амалда ушбу тақиқ доирасига тушмаслиги мумкин. Шу билан бирга, агар жамоа аъзолари охирги 21 кун давомида Конго ҳудудида бўлган бўлса, улар учун махсус тиббий назорат чоралари жорий этилади. Бу жараён тест топшириш ва изоляция талабларини ўз ичига олади.

Расмийлар мазкур енгиллик фақат футболчилар ва расмий делегация аъзоларига тегишли эканини билдирган. Конголик оддий мухлислар учун эса мамлакатга кириш бўйича чекловлар ўз кучида қолмоқда.

Вирус юқтирганлар сони

Соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, 19 май ҳолатида Конго Демократик Республикасида Эбола вируси билан касалланганлар сони 513 нафардан ошган. Вирус оқибатида 131 киши вафот этган.

Маълумот учун, Конго Демократик Республикаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатида «К» гуруҳидан жой олган. Жамоа гуруҳ босқичида Ўзбекистон, Колумбия ва Португалияга қарши баҳс олиб боради. Конголикларнинг мундиалдаги илк учрашуви 17 июнь куни Техасда Португалияга қарши бўлиб ўтади.

Теглар

Мавзуга оид