«Эҳтиёт чораларини кўринг»: Тошкентда кучли шамол сабаб ҳаво сифати ёмонлашиши мумкин

Шамол тезлиги баъзи жойларда 15 м/с гача кучайиши, айрим ҳудудларда эса қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши кутилмоқда.

«Эҳтиёт чораларини кўринг»: Тошкентда кучли шамол сабаб ҳаво сифати ёмонлашиши мумкин

Эртага, 27 май куни Тошкент шаҳри ҳавосида PM10 майда дисперсли чанг заррачалари концентрацияси қисқа муддатга ошиши ва чанг-тўзон ҳодисалари кузатилиши мумкин. Бу ҳақда Махсус комиссия Жаҳон метеорология ташкилотининг Пекин ва Саудия Арабистонидаги регионал марказлари ҳамда «Ўзгидромет» прогнозларига таяниб огоҳлантирди.

Қайд этилишича, чанг соатлари ғарбдан нам ҳаво оқимлари кириб келиши олдидан кузатилади. Кун давомида об-ҳаво ўзгарувчан бўлиб, шамол тезлиги баъзи жойларда 15 м/с гача кучайиши, айрим ҳудудларда эса қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши кутилмоқда.

Махсус комиссиянинг таъкидлашича, ушбу ҳодиса вақтинчалик хусусиятга эга бўлиб, кириб келувчи нам ҳаво ва ёғингарчилик ҳисобига Тошкент ҳавоси қайта тозаланади. Жорий баҳорда кузатилаётган серёғин об-ҳаво сабабли охирги вақтларда пойтахт ҳавосининг сифати меъёр чегарасида сақланиб турган эди.

Сурункали касаллиги борлар учун тиббий тавсиялар


Атмосферада чанг миқдори ортиши кутилаётгани сабабли, мутахассислар нафас йўллари, аллергия ҳамда юрак-қон томир тизими касалликлари мавжуд бўлган фуқароларга алоҳида эҳтиёт чораларини кўришни тавсия қилмоқда.

Бундай об-ҳаво шароитида зарурат бўлмаса, ташқарида узоқ вақт қолмаслик, хонадонларда дераза ва эшикларни ёпиқ сақлаш ҳамда кўчага чиққанда тиббий ниқоблардан фойдаланиш сўралган. Ҳозирда комиссия томонидан шаҳар ҳавосининг ҳолати доимий назорат қилиб борилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид