add

Экоқўмита боғ барпо этиб, жаримага тортилган фуқаро томонида эканини билдирди

Кеча 13:5515762 дақиқа

Тошкентда ташландиқ ҳудудни боғга айлантирган фуқарога нисбатан қўлланган жарима юзасидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси расмий муносабат билдирди.

Экоқўмита боғ барпо этиб, жаримага тортилган фуқаро томонида эканини билдирди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида бир фуқаро ташландиқ ҳудудни ободонлаштириб, яшил боғ барпо этгани учун маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилган.

Ўрганиш натижаларига кўра, кўрсатилган ҳудуд — 36 сотих ер майдонида фуқаролик ташаббуси билан кичик боғ ташкил этилган. Маълум бўлишича, ушбу ҳудуд аввалдан Қўмитанинг Тошкент шаҳар бошқармаси назоратида бўлиб, мунтазам мониторинг қилиб борилган. Илгари бу жойда турли чиқиндилар тўпланган бўлса, кейинчалик маҳаллий аҳоли ташаббуси билан тозаланиб, яшил масканга айлантирилган.

Ҳозирги кунда боғ ҳудудида 246 туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда буталар экилган. Барча кўчатлар «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг электрон платформасига киритилган ва Қўмита назоратида сақланмоқда.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси мазкур ташаббусни ижобий баҳолаб, уни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 199-сонли Фармонига мувофиқ, жисмоний ва юридик шахслар автомобил ва темир йўллар бўйлаб, шунингдек, бўш ер майдонларида боғлар ташкил этиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, бундай ташаббускорларга ер участкасини 10 йилгача муддатга фойдаланиш учун бериш имконияти ҳам назарда тутилган.

Мазкур ҳолатда боғ яратиш илгари чиқиндихона бўлган ҳудудни ободонлаштиришга хизмат қилган. Шунингдек, маълум бўлишича, фуқаро дастлаб маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилган ва 300 га яқин аҳоли бу ғояни қўллаб-қувватлаб, ҳашарда иштирок этган.

Қўмита Тошкент шаҳрида экологик муҳитни яхшилаш йўлида бундай фуқаролик ташаббуслари алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган ишлар давом эттирилишини билдирган.

Таҳририиядан: Экология қўмита бироқ фуқарога солинган жарима тақдири нима бўлиши ҳақида маълумот бермаган. Яъни, шундай ташаббус билан чиққан фуқароларнинг ишини экологлар маъқуллайверса, маҳаллий ҳокимият судга бериб жаримага тортаверса эзгу ташаббус билан чиқишларнинг пайи қирқилмайдими?

Теглар

Мавзуга оид