Экспертлар Ўзбекистонда ЯИМ ва маошлар бўйича янги прогнозларни эълон қилди
Хулосага кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти кутилгандан тезроқ ўсиши мумкин.

Ўзбекистонда молия бозори экспертларининг инфляция бўйича кутилмалари барқарорлашиб, асосий ставканинг 14 фоиз даражасида сақланиб қолиши кутилмоқда. Шунингдек, жорий йилда реал ЯИМ ўсиши 6,9 фоиз бўлиши тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда 2026 йилнинг август ойида ўтказилган молия соҳаси экспертларининг иқтисодий кутилмалари сўрови натижаларига таяниб, Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалар 6,6 фоиз, келгуси 3 йил учун эса 5,2 фоиз даражасида ўтган ойга нисбатан ўзгаришсиз сақланиб қолди ва 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга яқин даражада шаклланмоқда.
Мутахассисларнинг 51 фоизи инфляциянинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичига 2027–2028 йилларда эришилишини кутмоқда. Хусусан, мақсадли кўрсаткичга 2027 йилда эришилишини қайд этган экспертлар улуши июль ойидаги 20 фоиздан август ойида 24,4 фоизгача кўпайган.
Асосий ставка ва банклараро пул бозори кутилмалари
Навбатдаги бошқарув йиғилишидан сўнг асосий ставка 14,0 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақланиб қолишини экспертларнинг 80 фоизи тасдиқламоқда (бу кўрсаткич июл ойида 76 фоизни ташкил этган).
«Келгуси 12 ойда эса асосий ставка 13,1 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда», — дейилади хабарда.
Иқтисодий ўсиш ва иш ҳақи прогнозлари ижобийлашди
Иқтисодий ўсиш бўйича кутилмалар ижобий томонга ўзгарган. Реал ЯИМ ўсиши бўйича тахминлар жорий йилда 6,9 фоиз (июлда 6,7 фоиз), келгуси йилда эса 6,6 фоиз (июлда 6,5 фоиз) даражасида белгиланди.
Номинал иш ҳақи ўсиши жорий йилда 13,5 фоиз (июлда 13,5 фоиз), келгуси йилда 13,3 фоиз (июлда 13,1 фоиз) бўлиши прогноз қилинмоқда.
Умуман олганда, экспертлар баҳоларида инфляцион кутилмаларнинг босқичма-босқич пасайиб бораётгани ва иқтисодий ўсиш бўйича ишончнинг мустаҳкамланиб бораётгани намоён бўлмоқда.





