
Электр нархи энди «соатга қараб ўйнайди»: тиғиз пайтда қиммат, тунда арзон!
Электр энергиясида «тиғиз», «ярим тиғиз» ва «тунги» тарифлар жорий этилди.

Ўзбекистонда I-тариф гуруҳига кирувчи истеъмолчилар учун электр энергияси нархи куннинг турли вақт оралиғига қараб уч хил ставкада қўлланиши белгиланди. Бу ҳақда Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси маълум қилди.
Қайд этилишича, электр энергиясидан қайси вақт оралиғида фойдаланилганига қараб нарх ўзгаради.
Бунда:
Ярим тиғиз давр — сутканинг ёруғ вақти (соат 9-00 дан 17-00 гача белгиланган оддий тариф бўйича);
Тиғиз давр — эрталабки ва кечки максимум (ягона электр энергетика тизимининг максимал юкламалар соатлари соат 6-00 дан 9-00 гача ва соат 17-00 дан 22-00 гача белгиланган тарифдан 1,5 баравар юқори);
Тунги давр — сутканинг қоронғи даври (ягона электр энергетика тизимининг минимал юкламалар соатлари соат 22-00 дан 24-00 гача ва соат 00-00 дан 06-00 гача белгиланган тарифдан 1,5 баравар арзон).
Маълумот учун: I тариф гуруҳига асосий ва захира электр таъминоти учун уланган қуввати йиғиндиси 750 кВА ва ундан ортиқ бўлган электр энергияси учун табақалаштирилган тариф бўйича ҳисоб-китоб қилинадиган истеъмолчилар киради.
Бюджет ташкилотлари, сув таъминоти ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек, давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станциялари бундан мустасно.





