Электромобиллар савдоси февралда 14 фоизга ошди

Бугун 16:352 дақиқа

Феврал ойида Ўзбекистонда автомобиллар савдоси 84,2 мингтани ташкил этиб, бозорда ижобий ўсиш динамикаси сақланиб қолди.

Электромобиллар савдоси февралда 14 фоизга ошди

Феврал ойи якунларига кўра, Ўзбекистонда 84,2 мингта автотранспорт сотилиб ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,4 фоизга ўсган. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.

Ойлик ҳисобда ҳам бозорда ижобий динамика сақланиб қолди. Январ ойига нисбатан савдо ҳажми 2 фоизга ўсиб, тахминан 1,6 мингтага кўпайди.

Энг кўп автомобил сотилган ҳудуд

Ҳудудлар кесимида энг катта ўсиш Самарқанд вилоятида қайд этилди. Бу ерда автотранспорт савдоси 65 фоизга ошди. Шунингдек, Тошкент вилоятида 12 фоизга, Сирдарё вилоятида эса савдо ҳажми 7,2 фоизга ошди.

Маҳаллий автомобил савдоси

2026 йил феврал ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси тахминан 24 мингтани ташкил қилди. Бу кўрсаткич жорий йил январ ойи даражасига мос келади. Бироқ ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда, маҳаллий янги автомобиллар савдоси 10,7 фоизга ошган.

Хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сегментида эса янада юқори ўсиш суръатлари кузатилди. Ушбу сегментда савдо ҳажми ўтган йил февралига нисбатан 1,5 баробарга ўсиб, тахминан 3 мингтани ташкил этди.

Электромобиллар бозори

Электромобиллар бозори ҳам фаол ўсишни давом эттирмоқда. Феврал ойида енгил электромобиллар савдоси 6,9 мингтани ташкил этиб, бу январ ойига нисбатан 14 фоизга кўпдир.

Йиллик ҳисобда эса электромобиллар савдоси 1,5 баробарга ошган. Бу мамлакатда экологик тоза транспорт воситаларига бўлган талаб ортиб бораётганини ҳамда бозор сегменти изчил кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил январ ойида бирламчи автомобил бозори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 фоизга ўсиб, 28,6 мингта янги енгил автомобил сотилган эди. Электромобиллар бозорида сотувлар 9 фоизга ошиб, 6,1 минг донани ташкил этган. Пойтахтда 3,7 мингта электромобил сотилиб, жами ҳажмнинг 62 фоиздан ортиғини таъминлаган.

Теглар

Мавзуга оид