add

Электрон ишончномалар муддати 3 йилдан ошмаслиги белгиланди

Бугун 18:452 дақиқа

Ўзбекистонда электрон ишончномаларни расмийлаштириш, ўзгартириш ва бекор қилишнинг ягона рақамли тартиби белгиланди.

Электрон ишончномалар муддати 3 йилдан ошмаслиги белгиланди

Ўзбекистонда электрон ишончномаларни расмийлаштириш бўйича янги ҳуқуқий механизм жорий этилди. Бу бўйича Ҳукуматнинг 25 декабрда қабул қилинган 825-сонли қарори билан тегишли низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, электрон ишончнома жисмоний ва юридик шахсларнинг хоҳишига кўра сўровномада кўрсатилган муддатга берилади, бироқ унинг амал қилиш даври уч йилдан ошмаслиги шарт. Бу чеклов ишончномалардан фойдаланишда ҳуқуқий аниқлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган.

Ишонч билдирувчи электрон ишончномани расмийлаштириш учун OneID тизими орқали Vakolat.uz платформасида рўйхатдан ўтади ва белгиланган сўровномани тўлдиради. Барча жараёнлар рақамли шаклда амалга оширилиб, қоғозбозликни камайтиришга хизмат қилади.

Белгиланган ҳолатларда ишончнома ишонч билдирувчи ташаббуси билан ўзгартирилиши мумкин. Жумладан, жисмоний шахснинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарганда, юридик шахснинг номи ёки ташкилий-ҳуқуқий шакли янгиланганда, ID-карта маълумотлари алмашганда ёки ишончноманинг амал қилиш муддати узайтирилганда тегишли тузатишлар киритишга рухсат этилади.

Айрим ҳолатларда эса ишончнома платформа томонидан автоматик равишда бекор қилинади. Бундай ҳолатларга ишончнома муддатининг тугаши, жисмоний шахс вафоти ёки юридик шахснинг тугатилиши киради.

Электрон ишончномалар реестри барча фойдаланувчилар учун очиқ бўлиб, ҳужжатларни уникал рақам орқали қидириш имконияти яратилган. Шунингдек, Нотариус автоматлаштирилган ахборот тизими орқали расмийлаштирилган ишончномалар реестрга автоматик тарзда киритилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан давлат хизматлари соҳасида ишончнома ва реестр тизимини рақамлаштиришга қаратилган “Vakolat.uz” электрон платформаси фаолият бошлаши ҳақида хабар бергандик.

Теглар

Мавзуга оид