«Электрон рецепт» тизими бекор қилинмайди — ССВ
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2025 йилда қабул қилинган буйруқни бекор қилишни режалаштираётгани ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликда «электрон рецепт» тизими тўхтатилади, деган нотўғри хулосаларга сабаб бўлмоқда. Шу муносабат билан вазирлик янги буйруқ лойиҳаси мазмуни нотўғри талқин қилинаётганини таъкидлаб, расмий тушунтириш берди.
© stockЎзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги «электрон рецепт» тизими бекор қилингани ҳақидаги хабарлар нотўғри талқин эканини маълум қилди. Муҳокамага қўйилган ҳужжат лойиҳаси тизимни тугатиш эмас, балки уни жорий этиш бўйича эски тартибни бекор қилишни назарда тутади.
Қайд этилишича, 2025 йил 15 декабрдаги 25-сонли буйруқда «электрон рецепт» асосида бериладиган дори воситалари рўйхатини босқичма-босқич шакллантириш белгиланган эди. Унга кўра, дастлаб антибиотиклар, синтетик антибактериал ҳамда гормонал препаратлар учун «электрон рецепт» мажбурий тартибда жорий этилган.
Вазирлик изоҳига кўра, янги буйруқ лойиҳаси мазкур тизимни янада кенгайтиришга қаратилган. Унга мувофиқ, Тошкент шаҳри ва тажриба-синов амалга оширилаётган 15 та туман (шаҳар)даги барча тиббиёт муассасалари ва дорихоналарда рецепт талаб қилинадиган дори воситалари электрон шаклга ўтказилади.
Қамров кенгаяди
Янги ёндашув «электрон рецепт» тизимини фақат айрим дорилар билан чеклаб қўймасдан, барча рецепт талаб қилинадиган дори воситаларига татбиқ этишни назарда тутади. Бу орқали дори айланмаси устидан назоратни кучайтириш ва шаффофликни таъминлаш мақсад қилинган.
Шу билан бирга, айрим тоифадаги кучли таъсир қилувчи дорилар, таркибида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар мавжуд бўлган препаратлар, шунингдек реимбурсатсия дастурига кирувчи дори воситалари ушбу тизимдан мустасно бўлиб қолади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги таъкидлашича, ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлар ҳужжат мазмунини нотўғри тушуниш натижасида юзага келган. Аслида, ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий базани тартибга солиш ва тизимни янада такомиллаштиришга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг 15 та туман/шаҳарларида дорихоналарда рецепт бўйича дори воситаларини фақат «электрон рецептлар» бўйича сотиш тизими йўлга қўйилган эди. Бу тизим жорий этилиши Вазирлар Маҳкамасининг 8-сентабрда чиқарилган ва 12 декабрдан кучга кирадиган қарорида белгилаб қўйилган. 2026 йил охиригача янги тизимни мамлакатнинг барча ҳудудларида жорий этиш кўзда тутилганди.





