
Электрон рецептлар суитсид ва заҳарланишни камайтириши кутилмоқда
Сўнгги бир йилда дориларни шифокор тавсиясисиз қўллаш оқибатида хавфли ҳолатлар кўпайиб, минглаб беморлар шифохонага ётқизилган.

Ўзбекистонда дори воситаларини ўзбошимчалик билан қабул қилиш оғир оқибатларга олиб келмоқда. Бир йил давомида дори орқали ўз жонига қасд қилишга уринишдан кейин 1500 нафар шахс шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Асилбек Худоёров 23 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида маълум қилди.
Соғлиқни сақлаш вазири келтирган рақамларга кўра, 2025 йилда шифокор тавсиясисиз дори қабул қилиш оқибатида шошилинч тиббий ёрдамга 24 мингта мурожаат қайд этилган. Улардан 741 таси Тошкент шаҳрига тўғри келади. Шунингдек, 418 ҳолатда анафилактик шок, 7017 ҳолатда эса дори воситаларидан заҳарланиш ташхиси қўйилган.
Вазирнинг таъкидлашича, дори воситалари орқали суитсидга уриниш ҳолатлари ҳам айнан тартибсизлик ва рецептсиз сотув натижасидир. Бир йил ичида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази дори ёрдамида ўз жонига қасд қилишга уринишдан кейин 1500 нафар беморни шифохонага жойлаштирган. Унинг фикрича, электрон рецептлар бу каби ҳолатларни кескин камайтиришга хизмат қилади.
Электрон рецептлар тизими дори тайинлаш ва сотишнинг бутун занжирини — рецептни ким ёзгани, қайси дори белгилаб берилгани, уни қаердан ва қайси нархда харид қилинганини назорат қилиш имконини беради. Рецептларда фақат дори воситасининг халқаро номи кўрсатилади, бу эса шифокорлар ва фармацевтика компаниялари ўртасидаги коррупция хавфларини чеклайди.
Асилбек Худоёровнинг айтишича, аввал поликлиникаларда бир беморга 10–15 та дори тайинланган ҳолатлар бўлган. Электрон рецепт тизимида эса клиник протоколларга мувофиқ 5 тагача препарат белгилаш мумкин. Кўпроқ дори тайинлаш учун врачлар консилиуми хулосаси талаб этилади.
Айни пайтда электрон рецептлар антибиотиклар, синтетик антибактериал ва гормонал препаратлар учун мажбурий ҳисобланади. Тизим 2026 йил охиригача барча тиббий муассасалар ва дорихоналарни қамраб олиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров поликлиника ва шифохоналарда 12,6 минг шифокор етишмаслигини маълум қилган эди.





