add

Электрон сигареталар айланмаси учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди

28.11.2025 | 11:253001 дақиқа

Янги қонунга мувофиқ, электрон сигареталарни тайёрлаш ёки айлантириш билан боғлиқ ҳаракатлар кўп миқдорда ёки қайта содир этилса, 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Электрон сигареталар айланмаси учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди

Ўзбекистонда электрон сигареталар ва никотин етказиб бериш электрон тизимлари айланмаси бўйича жавобгарлик кучайтирилди. 27 ноябрда қабул қилинган ЎРҚ–1098-сонли Қонун билан Жиноят кодекси, шунингдек, алкогол ва тамаки маҳсулотларига оид қонунчиликка бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, мамлакатда муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотлари ва электрон сигарета туридаги никотинли қурилмаларни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, ўтказиш, ишлаб чиқариш ёки Ўзбекистонга олиб кириш ҳамда ундан олиб чиқиш кўп миқдорда содир этилса ёки бундай қонунбузарлик учун аввал маъмурий жазо қўлланилган бўлса, айбдорга БҲМнинг 300 бараваридан 500 бараваригача жарима, ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш, ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Шу билан бирга, қонун бир муҳим имтиёзни ҳам белгилайди: агар шахс айбини тан олиб, ҳокимият органларига мурожаат қилса ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни ихтиёрий равишда топширса, у жавобгарликдан озод этилади. Бу норманинг мақсади яширин айланмани камайтириш ва ҳуқуқбузарликларни эрта босқичда олдини олишдан иборат.

Янги ўзгартишлар билан «Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонунга ҳам тўлдиришлар киритилди. Уларга мувофиқ, электрон сигареталар ва улар учун мўлжалланган суюқликларнинг айланишига оид янада қатъий чекловлар ўрнатилди.

Теглар

Мавзуга оид