Энди 10 млн сўмгача ҚҚС аризасиз қайтарилади, 500 млн сўмгача хавфда солиқ аудити ўтказилмайди
Президент фармони билан, кичик бизнес учун солиқ текширувлари қисқартирилиб, ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиб туриш бекор қилинади.

Ўзбекистонда 2028 йил 1 январга қадар кичик бизнес субъектларида солиқ хавфи суммаси 500 миллион сўмгача бўлганда солиқ аудити, 100 миллион сўмгача бўлганда эса сайёр солиқ текширувлари ўтказилмайди ҳамда ҚҚС гувоҳномасини вақтинча тўхтатиб туриш амалиёти бекор қилинади. Бу ҳақда Президентнинг 2026 йил 29 майдаги «Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги Фармонида маълум қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, кичик бизнес субъектлари учун солиқ маъмуриятчилигида қуйидаги асосий ўзгаришлар кучга киради:
• 2026 йил 1 июндан бошлаб солиқ солишнинг умумбелгиланган тартибига ўтиш учун белгиланган чегаравий миқдор базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 000 баравари этиб белгиланади.
• Импортни амалга оширувчи юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни мажбурий тартибда ҚҚС тўловчиси деб эътироф этиш тартиби бекор қилинади.
• 10 миллион сўмгача бўлган ҚҚС бўйича салбий фарқ суммалари солиқ текширувларисиз ва ариза талаб этилмаган ҳолда автоматик тартибда қайтариб берилади.
• ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси фақат ҳисобни юритиш мақсадида берилади ва таъсир чораларини белгилашга асос бўлмайди.
2027 йил 1 январдан бошлаб кичик бизнес субъектларига бухгалтерия ҳисобини юритувчи ташкилотлар ва солиқ маслаҳатчиларини жалб қилиш харажатларини икки баравар оширган ҳолда чегиришга рухсат берилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан бошлаб камерал солиқ текшируви талабномасига тушунтиришлар ёки тузатишлар тақдим этилганда солиқ тўловчиларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни фаоллаштириш жараёни тўлиқ автоматлаштирилади.





